Ўзбекистон | 21:32 / 28.08.2019
3305
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда чиқиндиларни плазма усулида утилизация қилиш технологияси татбиқ этилади

27 август куни Ўзбекистон экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Б.Қўчқоров ҳамда Сингапурнинг «Alpha Global Capital (S) Pte. Ltd.» ижрочи раис ўринбосари Самад Салим ва компания мутахассислари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистонда чиқиндиларни плазма усулида утилизация қилиш технологиясини татбиқ этиш билан боғлиқ ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув давомида умумий қиймати 15 млн долларни ташкил этувчи “Қаттиқ маиший чиқиндиларни утилизация қилиш бўйича илғор технологияларни татбиқ этиш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, кейинчалик мазкур технологик ускуналарни мамлакатимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилди. Шунингдек, сингапурлик инвесторлар мазкур технологиялар соҳасида ўзаро тажриба алмашишга тайёр эканликларини маълум қилдилар. 

Шу билан бирга инвесторлар оқова сувларни тозалаш технологияларини татбиқ этиш йўналишида ҳам инвестицион лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш истагини билдиришди.

Учрашув якунида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва «Alpha Global Capital (S) Pte. Ltd.» ўртасида имзоланган ўзаро англашув меморандуми имзоланди. 

Мазкур технологиянинг афзалликлари шундаки, махсус технология кам чиқитли бўлиб, атроф-муҳитга, аҳоли саломатлигига таъсири йўқ. Плазма усулида чиқиндиларни утилизация қилиш уларни саралашни талаб этмай, харажатлар нуқтаи назаридан ҳам мақбул, оддий усулда утилизация қилишга кетадиган харажатларни бир неча баробар қисқартиради. 

Хусусан, ушбу қурилма бир кунда 5 тонна чиқиндини плазма усулида қайта ишлаб, иссиқлик ёки электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга бўлиб, ҳосил бўлган 5 фоиз кул чиқиндисини қишлоқ хўжалигида ўғит сифатида ёки қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда фойдаланиш мумкин бўлади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид