Light | 21:01 / 28.08.2019
20625
2 дақиқада ўқилади

Вақти-вақти билан оч қолишнинг фойдаси маълум қилинди 

36 соат давом этувчи вақти-вақти билан оч қолиш вазн йўқолиши, қондаги холестерин даражаси пасайишига ёрдам беради ва юрак-томир тизими фаолиятини яхшилайди. Бундай хулосага австриялик олимлар ўзлари олиб борган тадқиқот натижасида келишган. 

Тажрибада нормал вазнга эга бўлган 60 киши иштирок этган. Грац университети мутахассислари уларни 2 гуруҳга бўлишган. 1-гуруҳдагилар одатдагидек овқатланишлари, 2-гуруҳ қатнашчилари эса 36 соат давомида оч қолишлари керак бўлган. Кейинчалик 2-гуруҳдагиларга 12 соат ичида исталган нарсани ейишга рухсат берилган.

Натижалар иштирокчилардан ҳеч ким семизликдан азият чекмаган бўлса-да, маълум миқдорда вазн йўқотганини кўрсатган. Бундан ташқари, организмнинг қариш суръатлари ҳам секинлашган. Олимлар кунора бир ой давомида оч қолишдан кейин 30 иштирокчи ўртача 3,5 кг вазн ташлагани, 35 фоиз камроқ калория истеъмол қилгани ва ошқозонда деярли ёғ қатламларига эга бўлмаганини аниқлашган. Шу билан бирга мутахассислар ярим йил давомида оч қолишни давом эттирганларда ҳам бундай амалиётнинг бирор бир ножўя самарасини аниқлашмаган.  

“Биз бундай амалиёт юрак-томир тизими иши яхшиланишига олиб келганини аниқладик. Артериал босим ва узоқ яшаш билан боғлиқ кўрсаткичлар – маркерлар яллиғланиши пасайган”, деб айтган университет профессори Харалд Суриж.

Бироқ мутахассислар бундай турдаги оч қолишга эҳтиёткорлик билан ёндашиш ва унга амал қилишдан олдин шифокорлар билан маслаҳатлашиш кераклигидан огоҳлантиришган. Жумладан, вирусли инфекцияга эга одамларга бундай амалиёт қатъиян қарши кўрсатилган. Бу инфекция бўлган вақтда организмга вирусларга қарши курашиш учун қўшимча энергия зарурлиги билан боғланган, у эса организмга асосан овқат билан келади.  

Мавзуга оид