Light | 16:45 / 24.03.2020
40240
3 дақиқада ўқилади

Юрак учун энг хавфли маҳсулотлар маълум қилинди

Юрак-томир касалликлари авж олиши хавфини минималлаштириш учун овқатланиш рационига нафақат юрак-томир тизими учун зарур бўлган маҳсулотларни қўшиш, балки зарарли маҳсулотлардан воз кечиш ҳам лозим.

Фото: Depositphotos / stevanovicigor

Бу борада ўз тавсиялари билан La Vanguardia испан нашрида кардиолог Пабло Канепа бўлишди.

Мутахассис қизил гўштни юрак учун жуда хавфли маҳсулот деб атаган. Бу маҳсулотда кўп миқдорда тўйинган ёғлар мавжуд бўлиб, бу ёғларни истеъмол қилишни чеклаш лозим. Улар ўрнига моно- ва политўйинмаган ёғларга афзаллик бериш керак. Бундай ёғлар манбаи ёнғоқлар, биринчи сиқишда олинган зайтун мойи, писталар, авокадо, балиқларнинг баъзи турлари ҳисобланади. Кардиолог таомномага гўштларнинг парҳезбоп турлари, мисол учун товуқ гўштини қўшишни тавсия қилган.

Бундан ташқари, пишириқлар ва нонушта учун паға-паға ёрмалар (хлопья), яримфабрикатлар – тайёр ва музлатилган пирог, пицца, пасталар истеъмол қилишдан қочиш лозим. Бундай озиқ-овқат маҳсулотлари “ёмон” холестерин миқдорини оширувчи трансёғларга бой бўлиб, у вазн йиғишга олиб келади ва юрак-томир касалликлари ҳамда иккинчи турдаги қанд касаллиги хавфини оширади.

Шифокор спиртсиз энергетик ичимликлар истеъмол қилишни қатъиян тавсия қилмаган, чунки уларда кофеиндан ташқари, кўп миқдорда шакар ва зарарли қўшимчалар мавжуд. Энергетиклар асаб тизимига қўзғовчи таъсир кўрсатади. У эса ўз навбатида юрак мушаклари муаммоларини келтириб чиқаради.

Кардиологнинг таъкидлашича, юқори қон босими билан боғлиқ хавфлардан қочиш учун туз истеъмолини камайтириш муҳимдир. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларига кўра, тузнинг кунлик меъёрини 1,5 граммгача камайтириш лозим. Канепанинг таъкидлашича, тайёр таомда бир граммга яқин туз бор бўлади, шу сабабли у белгиланган меъёрдан осонгина кўпроқ истеъмол қилиб юборилиши мумкин.

Шунингдек, спиртли ичимликлардан воз кечиш лозим, чунки улар юрак тўхташи ва миокард инфаркти ҳамда мия зарарланиши имкониятларини оширади.

Шунингдек, қаймоқ ва сариёғ истеъмолини чеклаш фойдалидир.

Мутахассиснинг таъкидлашича, ўз юрак-томир тизими ҳолати ортидан кузатиб борувчи одамлар Ўрта ер денгизи диетаси фойдасига танлов қилишлари лозим. Бу диета мевалар, сабзавотлар, ёнғоқлар, дуккакли маҳсулотлар, балиқ ва зайтун мойига бой бўлиб, бироқ гўшт истеъмолини чеклайди. 

Шунингдек, ҳар куни жисмоний фаолликка 45 дақиқа ажратиш ва ёмон одатлардан воз кечиш лозим.

Мавзуга оид