Жамият | 16:25 / 29.08.2019
9854
2 дақиқада ўқилади

Ургутда маст ҳолда рулга ўтириб, пиёданинг ҳаётига зомин бўлган ҳайдовчи аслида нима бўлганини эслолмади

1963 йилда Ургутда туғилган Ш.М. ўзига тегишли «Nexia» автомобилида амалдаги йўл ҳаракати қоидаларининг бир нечта бандларини бузиб, боз устига маст ҳолда автомашина бошқарган.

Оқибатда Ургут тумани «Қуйиқишлоқ» маҳалласи ички йўлида шу маҳаллада яшовчи пиёдани уриб юбориб, оғир жароҳат етказган. Ҳайдовчи фуқаронинг ҳаёти хавф остида қолгани, унга тиббий ёрдам керак эканини билгани ҳолда воқеа жойидан қочиб кетган. Натижада, олган тан жароҳатлари туфайли пиёда воқеа жойида вафот этган.

Жиноят ишлари бўйича Ургут туман суди судяси А.Аҳмадов раислигида ўтган суд мажлисида судланувчи М.Ш. айбига тўлиқ иқрорлик билдирган. Унинг маълум қилишича, ўша куни у танишининг уйида тўйда кўп миқдорда ароқ ичган. Ўғли қаршилик қилганига қарамай автомашина бошқаришда давом этган. Машинада яна бир танишининг уйига бориб у ерда ҳам спиртли ичимлик ичган.

Ҳайдовчи давомли ароқ ичишлардан сўнг нима бўлганини, қаерларга борганини эслолмаслиги, кечаси уйига ИИБ ходимлари келиб, воқеани баён қилганини айтиб берди.

Судда М.Ш. айбига тўлиқ иқрорлик билдирган, гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳам исботини топган. Унга 6 йиллик қамоқ жазоси тайинланди. 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид