Ўзбекистон | 13:55 / 30.08.2019
8859
4 дақиқада ўқилади

Сурхондарё вилоятида 823,2 млрд сўмлик 184та лойиҳа ўз муддатида ишга туширилмаган

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

2019 йил 28 август куни халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг сессияси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ахборот хизмати.

Унда Сенат аъзолари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви идоралари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Кун тартибида белгиланганидек, парламент ишчи гуруҳи томонидан вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш натижалари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

Сўзга чиққанлар томонидан таъкидланганидек, парламент ишчи гуруҳи томонидан Сурхондарё вилоятида ўтказилган тадбиркорлик ривожи йўлидаги долзарб масалаларни ўрганиш жараёни, одамлар билан мулоқотлар, бу борада   жиддий муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Хусусан, ўтган олти ой давомида бор-йўғи фаолият юритмаётган 24 та кичик бизнес субъектлари тикланган, холос. Бу эса ўз навбатида, шу каби корхоналарнинг муаммолари бўйича тизимли асосда ишланмаганлигини кўрсатади. Ярим йиллик давомида вилоят бўйича жами 184 та кичик бизнес субъектлари тугатиб юборилган. Тадбиркорлик фаолиятини ташкилий қўллаб-қувватлаш ишлари самарали ташкил этилмагани оқибатида бугунги кунга қадар умумий қиймати 823,2 млрд. сўмлик 184 та лойиҳа ўз муддатида ишга туширилмаган.

Шунингдек, сессияда вилоятда фаолият юритувчи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасида кооперация алоқалари йўлга қўйилмаганлиги қайд этилди. Улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар (хизматлар) рекламасига (ярмарка, кўргазма, тақдимот ва бошқ.) эътибор қаратилмаяпти. Савдо ва бошқа фаолият тури билан шуғулланувчи тадбиркорлар вилоятнинг ўзида ишлаб чиқарилаётган кўплаб маҳсулотларни республиканинг бошқа ҳудудлари, жумладан Тошкент шаҳри ва водий вилоятларидан олиб келмоқдалар.

Шу билан бирга, вилоятда “Ёшлар – келажагимиз” Давлат дастурининг ижросини таъминлаш, айниқса, ёшлар тадбиркорлиги ва ташаббусларини рўёбга чиқариш борасидаги ишлар самарадорлиги ҳам пастлигича қолмоқда. 2019 йилга мўлжалланган мазкур дастур шу кунга қадар вилоятда бор-йўғи 15,2 фоизга бажарилган.

Мажлисда кредитлашнинг бирламчи талаблари етарлича инобатга олинмагани, банклар ҳамда уларнинг мижозлари ўртасидаги муносабатларнинг лозим даражада йўлга қўйилмагани – тадбиркорлик ривожига тўсиқ бўлаётган яна бир муаммо эканлигига алоҳида урғу берилди. Бу йўналишдаги камчиликлар оқибатида бугунги кунда вилоятда муддатида қайтарилмаган кредит ва фоиз тўловларидан жами 244 млрд. сўмлик муаммоли қарздорликлар юзага келганлиги ҳам таъкидлаб ўтилди. Бундай ҳолат тижорат банкларининг молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатиши баробарида миллиардлаб сўмлик маблағларни тадбиркорлик ривожи учун қайта йўналтириш имконини ҳам чекламоқда. Эътиборлиси, муаммоли қарздорликларнинг асосий қисми давлат мақсадли дастурларида белгиланган йўналишларга ажратилган кредитлар бўйича юзага келган.  

Сессияда сўзга чиққанлар қайд этилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан вилоят ташкилотларини жалб қилган ҳолда вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган аниқ чораларни белгилаб олиш ҳамда уларнинг ўз вақтида ижро этилиши юзасидан қатъий назорат ўрнатиш лозимлигини уқтирдилар. Хусусан, масъул тузилмаларни жалб қилган ҳолда фаолияти тўхтаб қолган тадбиркорлик субъектларининг аниқ рўйхатини шакллантириб, келгусида улар ишини қайта йўлга йўлга қўйиш ёки қонунчиликда белгиланган тартибда тугатиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги қайд этилди.

Сессияда кўриб чиқилган масалалар юзасидан халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг қарори қабул қилинди.

Мавзуга оид