Европанинг 4 давлатига қизамиқ қайтди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бутун дунёни огоҳликка чақирмоқда
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, қизамиқдан холи ҳудуд дея эълон қилинган Европанинг 4 давлатида ушбу касаллик яна қайта авж олган, деб ёзмоқда BBC нашри. Булар: Албания, Греция, Чехия ва Буюк Британия.
«Биз яна ортга қайтяпмиз, тутган йўлимиз ўзини оқламади», дейди ЖССТ иммунология департаменти ходими Кейт О’Брайен.
Айтиш жоизки, қизамиқ йўталиш, тошма ва иситма келтириб чиқарувчи ўта юқумли, ҳаёт учун хавфли касалликдир.
Бу касалликдан ҳимояланиш учун MMR (қизамиқ, қизилча ва тепки учун эмлаш) вакцинасининг 2 та дозаси етарли бўлади. Бу вакцина Буюк Британияда ёш болалар учун текинга тарқатилади..
ЖССТ га кўра, қайсидир давлат ҳудудида 12 ой давомида қизамиқ тарқалиши кузатилмаса, бу унинг қизамиқдан холи ҳудуд сифатида эътироф этилиши учун асос бўлади.
О’Брайен хонимнинг таъкидлашича, касалликдан холи ҳудуд мақомини йўқотган тўрт Европа давлатининг ҳаммасида уни бартараф этиш имконияти, эмлаш қамрови "жуда юқори".
«Aйни вазият барчамиз учун огоҳлантирувчи сигнал бўлиши лозим. Қамровнинг мамлакат ҳудудида кенг бўлишининг ўзи етарли эмас, ҳар бир жамият, ҳар бир оила фарзандлар учун ижобий натижа қайд этишга ҳаракат қилиши керак», дейди Кейт О’Брайен.
Айни пайтда бутун дунё бўйича қизамиқ хавфи кучайиб бормоқда. Ҳатто АҚШда ҳам қизамиқ камайиши жараёни жуда секин кечяпти.
ЖССТ маълумотларига кўра, жорий йилнинг ўзида 365 мингга яқин қизамиққа чалиниш ҳолати рўй берган. Бу 2018 йил биринчи ярим йиллигига солиштирганда, 3 баравар кўп деганидир.
Кейт О’Брайен хонимнинг фикрича, бунга асосий сабаб вакциналар ҳақида нотўғри маълумот тарқатиш бўлиши мумкин. Шунинг учун у ижтимоий медиа компаниялари ва жамият раҳбарларини халқни «аниқ, ишончли, илмий асосланган маълумотлар» билан таъминлашга чақирди.
Ҳозирда қизамиқ билан касалланиш даражаси Конго Республикаси, Мадагаскар ва Украинада энг юқори ҳисобланади.
Дунё бўйлаб қизамиқ билан касалланиш ҳолатлари сони 2016 йилгача, касаллик қайтадан авж олгунга қадар мунтазам равишда камайиб борган.
ЖССТ расмийларига кўра, касалликнинг тарқалиш сабаблари ҳар бир мамлакатда турлича. Aйрим давлатларда аҳолини бепул вакциналар билан эмлаш етарлича йўлга қўйилмаган, бошқаларида эса касаллик ва унинг олдини олиш бўйича ишончли манбалар сезиларли даражада кам.
Мавзуга оид
17:08 / 30.10.2024
Дунёда силга чалиниш ҳолатлари ошди – ЖССТ
00:26 / 27.10.2024
ЖССТ mpox билан касалланиш 22 ой ичида рекорд даражага чиққанини маълум қилди
10:30 / 23.10.2024
ЖССТ Ғазо шимолида тинч аҳолига нисбатан зўравонликдан хавотирда
10:59 / 20.10.2024