Ўзбекистон иқтисодиёти: истиқболлар ва хавфлар
Ўзбекистон тизимли ислоҳотларини бошқа мамлакатлардан кўра кечроқ бошлаган бўлса-да, ўтиш даври иқтисодиётига эга бошқа мамлакатлар тажрибасидан муҳим сабоқларни олиши мумкин, деб ҳисоблайди Жаҳон банки мутахассислари. Ривожланаётган мамлакатларга ёрдам берувчи йирик халқаро молия ташкилоти яқинда Ўзбекистон иқтисодиётига бағишланган янги ҳисоботини тақдим этди. Унда ўтган 2018 йил ва жорий 2019 йилнинг биринчи ярмида мамлакатда юз берган макроиқтисодий, ижтимоий ва таркибий ўзгаришлар ҳамда яқин 2 йил – 2021 йилгача бўлган истиқболлар кенг шарҳланади.
UzAnalytics мазкур ҳисоботнинг Ўзбекистон иқтисодиёти истиқболлари, хавфлар ва иш ўринларини яратишга бағишланган бобларининг муҳим жиҳатлари ва асосий хулосаларини эътиборингизга ҳавола этади.
Иқтисодий истиқболлар ва хавфлар
Ижобий иқтисодий истиқболлар
Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари секин, аммо ижобий бўлиб қолмоқда. Ислоҳотлар ишлаб чиқаришдаги чекловчи омилларни (тўсиқларни) бартараф этиш ва юқори ўсиш потенциалига эга тармоқларни либераллаштиришга ёрдам беради. Мева-сабзавотчилик, туризм, озиқ-овқат саноати, тўқимачилик ва кимё саноати шундай тармоқлар қаторига киради. Бизнесда солиқ юкининг сезиларли даражада камайтирилиши зикр этилган жараёнларни янада қўллаб-қувватлайди. 2019–2020 йилларда нарх-навонинг либераллашуви ва ойлик иш ҳақи оширилиши сабабли инфляция юқори даражада сақланиб қолади. Бироқ 2021 йилга бориб у пасайиши кутилмоқда. Жаҳон банки прогнозларига кўра, ташқи савдо балансининг салбий сальдоси юқорилигича қолади. Сабаби, Ўзбекистон иқтисодиёти келгуси бир неча йилда ишлаб чиқаришни модернизация қилиш учун кўплаб машина ва ускуналарни импорт қилишни давом эттиради.
Кредитларнинг ҳаддан ташқари ўсиши барқарорликка таҳдид солиши мумкин
Жаҳон банки жамоаси фикрига кўра, кредитларнинг давомли ва ҳаддан ташқари ўсиши инфляция босимини кучайтиради ва бу макроиқтисодий барқарорлик учун асосий хавфлардан биридир. Экспертларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати молиявий интизомни сақлаш учун мақсадли кредитлар ҳажмини камайтиради. Бундан ташқари, барқарор иқтисодий ўсиш ва пул ўтказмалари оқими мамлакатда аста-секин қашшоқликни қисқартиришга ёрдам бериши ҳам кутиляпти. Давлатнинг ижтимоий сиёсатдаги ўзгаришлари кам даромадли оилаларни қўллаб-қувватлаш дастурларини янада кенгайтириш орқали қашшоқликни камайтириши мумкин. 2019 йилда Ўзбекистон ҳукумати ижтимоий ҳимоя харажатларини 50 фоиз оширди.
Макроиқтисодий хавфлар
Банк экспертлари фикрича, айрим товарлар нархининг жаҳон бозорида кўтарилиши ва олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон иқтисодиётига киритилаётган инвестициялар кўпайиши учун қулай истиқболлар мавжуд, бироқ салбий омиллар хавфи ҳам сақланиб қолмоқда. Улар қуйидагиларни ўз ичига олади:
· Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари: Россия, Хитой ва Қозоғистонда иқтисодий ўсишнинг анча заифлиги;
· таркибий ва тизимли ислоҳотларни амалга оширишнинг кечикиши;
· инфляциянинг ўсиши.
Мамлакатнинг етарли даражадаги валюта захираларига эгалиги ва давлат ташқи қарзининг нисбатан камлиги сабаб иқтисодиётнинг ташқи барқарорлик хавфи ўртача бўлади. Ислоҳотларнинг кейинги босқичи давлат корхоналари ва молия сектори, қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланмаган ерларни хусусийлаштириш ва қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар каби анча мураккаб муаммоларни ҳал қилишга қаратилган. Ушбу ислоҳотлар иқтисодий ўзгаришлар, иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш ва иш ўринларини яратиш учун муҳим аҳамият эга. Шу билан бирга, улар пухта назорат қилиниши керак бўлган муҳим иқтисодий ва ижтимоий хавфларни ҳам қамраб олади.
Асосий эътибор иқтисодий ўсиш ва иш ўринлари яратишга қаратилиши керак
Меҳнат бозоридаги жиддий муаммолар
Ўзбекистон иқтисодиётида йилига қарийб 280 мингга яқин янги иш ўрни яратилади. Демографик сабабларга кўра эса ҳар йили деярли 600 мингта иш ўрни ташкил этилиши керак. Шу боис, иқтисодиётда ҳар йили яратилаётган иш ўринлари меҳнат бозорига кириб келаётган янги ишчиларни банд қилиш учунгина икки баравар оширилиши лозим. Аксарият иш ўринлари янги корхоналарни ташкил этиш ҳамда мавжуд корхоналарни янада кенгайтириш ҳисобига яратилиши зарур. Ҳисобот муаллифлари Ўзбекистон меҳнат бозорида қуйидаги таркибий ва тизимли камчиликлар борлигини таъкидлайди:
· меҳнатга бўлган рағбатнинг сустлиги;
· ходимлар малакасининг етарли эмаслиги;
· корхоналарда ходимларни техник кўникмаларга ўқитиш бўйича имкониятларнинг етишмаслиги;
· ёшлар ўртасида ишсизлик даражаси юқорилиги;
· иқтисодий фаол бўлмаган аҳоли улушининг кўплиги;
· узоқ давом этаётган ишсизлик;
· иш кучининг чекланган сафарбарлиги.
Иқтисодий ўсиш – янги иш ўринларини яратиш учун асосий омил
Яхши наф берадиган иш ўринлари яратилиши иқтисодий ривожланиш ва аҳоли турмуш даражасини оширишнинг муҳим шартидир. Меҳнат унумдорлиги ва бандликнинг ортиши аҳоли жон бошига ЯИМ сингари муҳим кўрсаткичнинг ўсишига хизмат қилувчи иккита асосий омилдир. Аҳоли жон бошига даромадлари энг юқори бўлган мамлакатларда сўнгги икки аср давомида меҳнат унумдорлиги кескин ўсиб бораётганини кўриш мумкин. Меҳнат унумдорлигининг бундай ўсиши “самаралироқ” ёки юқори маошли иш ўринлари яратилишига олиб келди. Аҳоли жон бошига ҳисобланган ЯИМ аслида бутун аҳоли меҳнати самарадорлиги (унумдорлиги) кўрсаткичидир. Юқори ва паст даромад даражасига эга мамлакатларда аҳоли жон бошига ЯИМдаги фарқлар мамлакатлар ўртасидаги меҳнат унумдорлиги даражаларидаги фарқларни ифодалайди.
Меҳнат унумдорлиги ортиши ЯИМ ўсишининг асосий омили бўлди
Ўзбекистонда 1996 йилдан 2016 йилгача бўлган муддатда аҳоли жон бошига ЯИМнинг кумулятив ўсиши 165 фоиз деб қайд этилган.
Ушбу даврда бир ходимга нисбатан маҳсулот ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми, тахминан, 150 фоиз ошди. Ушбу даврда аҳоли жон бошига ЯИМнинг ўсиши, асосан, меҳнат унумдорлиги ўсиши ва демографик ўзгаришлар туфайли юз берди. Аммо ушбу даврда иқтисодий фаол аҳолига нисбатан бандлик даражаси, шунингдек, меҳнатга лаёқатли аҳолига нисбатан иқтисодий фаол аҳоли даражаси пасайди. Ўзбекистонда меҳнат унумдорлиги ўсиши тармоқлар ўртасидаги ресурслар алмашинуви ҳисобига эмас, асосан, тармоқлар ичида юз берди.
Иш ўринларини яратиш суръати иқтисодий фаол аҳолининг ўсишидан орқада қолмоқда
1996 йилдан 2016 йилгача қўлланган «ўзбек модели» тез ўсиб бораётган иқтисодий фаол аҳоли учун етарли бўлган иш ўринлари яратиб бера олмади. Айниқса, саноатнинг ишлаб чиқариш тармоқларида янги иш ўринларини яратиш жиддий муаммолардан бири эди. Озиқ-овқат саноати, енгил саноат ва бошқа тармоқлар шулар жумласидандир. Умумий бандликнинг атиги 13 фоизи қазиб олиш ва ишлаб чиқариш саноати улушига тўғри келади. 2016 йилда бу кўрсаткич, бошқа мамлакатлар билан таққослаганда, анча паст эди: Туркманистонда 45 фоиз, Беларусда 32 фоиз, Украинада 25 фоиз, Қирғизистонда 22 фоиз ва Қозоғистонда 21 фоизни ташкил этган.
Бандлик ва меҳнат унумдорлигининг бир пайтда ўсиши мукаммал уйғунликдир
Ўзбекистоннинг қурилиш, кимё ва нефть-кимё саноати, улгуржи ва чакана савдо, умумий овқатланиш, транспорт, алоқа ва бошқа кўплаб тармоқларида бир пайтнинг ўзида бандлик ва меҳнат унумдорлиги ўсиши кузатилди. Бироқ энергетика, ёқилғи ва металлургия саноатида янги иш ўринлари ташкил этилган бўлса-да, меҳнат унумдорлиги пасайди. Қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, саноат қурилиш материаллари, енгил ва озиқ-овқат саноати каби бошқа тармоқларда меҳнат унумдорлиги ошди, аммо иш ўринлари қисқарди.
Жисмоний инфратузилмадаги камчиликлар йўқотишларга олиб келмоқда
Жисмоний инфратузилма фаолиятидаги узилишлар ҳар йили ишлаб чиқаришда катта йўқотишларга олиб келмоқда. Катта корхоналар билан таққослаганда, кичикроқ фирмалар электр энергияси, газ ва сув таъминотидаги узилишлардан, ер майдонларининг етишмаслигидан ёки ишлаб чиқаришни кенгайтириш йўлидаги юқори ижара ставкаларидан кўпроқ зарар кўрмоқда. 2016 йилда жисмоний инфратузилма фаолиятидаги барча узилишлардан ҳосил бўлган умумий йўқотишлар йирик корхоналарда ишлаб чиқариш ҳажмининг 24 фоизини, майда корхоналарда эса 38 фоизини ташкил этган. Ҳокимият идоралари инфратузилма хизматлари фаолиятини яхшилаш орқали корхоналарда меҳнат унумдорлигини ва бандлик даражасини ошириши мумкин.
Фирмаларнинг вақт ва ресурслардан самарасиз фойдаланиши унумдорликни оширишига тўсқинлик қилмоқда
Корхона раҳбарларининг вақти ва молиявий ресурслари кўпинча ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган фаолиятга чалғитади. Банк экспертлари фикрича, йирик корхоналар раҳбарларининг қарийб 31 фоиз, кичик корхона раҳбарларининг эса 26 фоиз вақти бесамар бюрократик келишувларга исроф бўлади. Марказий ва маҳаллий ҳокимият идоралари, вазирлик ва муассасалар, тармоқ уюшмалари билан солиқлар, божхона тартиблари, текширувлар, санитария ва экология масалалари юзасидан ва бошқа келишувлар шулар жумласидандир. Оқибатда ишлаб чиқариш унумдорлиги, самарадорлик, малака ошириш, технологияларни жорий этиш ва ушбу корхоналар рентабеллигини оширишга вақт кам қолади.
Банк ҳисоботида 2016 йилда корхоналарда ўтказилган сўров натижаларига кўра қуйидаги маълумотлар олинди:
• йирик корхоналарнинг 32 фоиз ва кичик корхоналарнинг 30 фоиз ходимлари қишлоқ хўжалиги ишлари ёки бошқа турдаги жамоатчилик ишларига жалб этилган;
• йирик корхоналарнинг қарийб 23 фоизи ва кичик корхоналарнинг эса 11 фоизи маҳаллий ҳокимият идоралари улардан “қўшимча харажатлар” учун беғараз ёрдам пули ажратишни сўраганини маълум қилган;
• йирик корхоналарнинг қарийб 13 фоизи, кичик корхоналарнинг эса 7 фоизи турли масалалар бўйича ҳокимият идоралари бирга норасмий тўловларни амалга оширган;
• йирик корхоналарда ишлаб чиқариладиган жами маҳсулот ҳажмининг ярмидан кўпини эркин бозор шароитида корхоналарнинг ўзи эмас, марказий тармоқ вазирликлари ёки уюшмалари тақсимлаган.
Бизнес юритиш шартларини соддалаштириш ва бозор муносабатларини ривожлантириш хусусий секторни ривожлантиришга ёрдам беради
Бозорга кириш ва ундан чиқиш йўлидаги тўсиқларнинг бартараф этилиши, бизнес юритиш қоидаларининг соддалаштирилиши, давлатнинг нарх белгилашни босқичма-босқич бекор қилиши, хусусий мулкка эгалик ҳуқуқининг мустаҳкамланиши ҳамда давлат корхоналари секторидаги иш самарасизлигини енгиб ўтиш бундан кейин ҳам умумий самарадорликни (унумдорликни) оширишга хизмат қилади. Агар корхоналар молиявий бозорларга, хомашё ва бошқа манбаларга кириш имкониятига эга бўлса, рақобатнинг кучайиши технологиялар ва инновацияларни жорий этишни рағбатлантириши мумкин. Ўзбекистонда бизнесни рўйхатдан ўтказиш нисбатан мураккаб эмас. (2019 йилда “Бизнес юритиш” – “Doing Business” ҳисоботида Ўзбекистон бизнес очишнинг осонлиги бўйича дунёда 12 ўринни эгаллади). Бироқ норасмий чекловлар, давлат идораларининг самарасиз фаолияти, шаффоф бўлмаган қонун-қоидалар ва мулкка эгалик қилиш бўйича ҳуқуқнинг тегишли даражада ҳимоя қилинмаслиги катта тўсиқлардан бўлиб қолмоқда. Бундай чекловлар Ўзбекистоннинг тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш имкониятини рўёбга чиқаришга ва технологияларни ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда.
Ислоҳотлар иқтисодий ўсиш ва янги иш ўринлари яратиш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга
2017 йилдан буён Ўзбекистон ҳукумати иқтисодиётини либераллаштириш бўйича олиб бораётган ислоҳотлар бизнес юритиш йўлидаги хорижий валюта конвертацияси етишмаслиги, юқори импорт божлари ва солиқ ставкалари каби чекловларни бартараф этмоқда. Банк экспертлари Ўзбекистон ҳукуматига давлатнинг иқтисодиётдаги ролини мақбуллаштиришни давом эттиришни ва хусусий секторни ривожлантириш мақсадида қолган тўсиқларни бартараф этишни тавсия этмоқда. Ушбу чекловларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
• инвестиция муҳитини яхшилаш;
• солиқ маъмуриятчилигидаги ислоҳотларни тўлиқ амалга ошириш;
• давлат бюджети операцияларининг, айниқса, давлат корхоналарига бериладиган самарасиз яширин субсидияларга нисбатан шаффофлигини таъминлаш;
• ердан фойдаланиш бўйича ҳуқуқ ҳамда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалигида мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини ислоҳ қилиш;
• давлат монополистик корхоналарини таркибий жиҳатдан (тизимли) қайта қуриш, корпоратив бошқарув ва молиявий ҳисоботга қўйиладиган талабларни кучайтириш;
• давлатнинг экспортга йўналтирилганликни қўллаб-қувватлаши (жумладан, ISO стандарти бўйича сертификатлаш, эксперт хатарларини камайтириш, диверсификациялаш, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш).
Ўрта муддатли истиқболда инфратузилмани (хусусан, энергетика, транспорт ва логистика) модернизация қилиш ҳамда олий таълим сифатини яхшилаш мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Мавзуга оид
21:21 / 14.11.2024
АҚШ долларининг мустаҳкамланиши глобал муаммога айланади — The Economist
20:57 / 08.11.2024
Хитой иқтисодий ўсишни рағбатлантириш учун триллион доллар ажратди
17:27 / 06.11.2024
Жаҳон банки иқлим ўзгаришининг қишлоқ хўжалигига таъсирини баҳолади
19:18 / 05.11.2024