Ўзбекистон | 10:48 / 31.08.2019
2895
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Жанубий Корея депутатлик корпуслари ўртасида доимий ишчи алоқаларни сақлаб туришга келишиб олди

2019 йил 30 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси депутати, МДҲ мамлакатлари парламентлари билан ҳамкорлик бўйича Парламентлараро дипломатик форум раҳбари Чу Ми Э бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси ҳузуридаги МДҲ мамлакатлари парламентлари билан ҳамкорлик бўйича Парламентлараро дипломатик форум ушбу давлат парламенти спикери Мун Хи Сонг ташаббуси билан жорий йилнинг июнь ойида ташкил этилган. Мазкур форумнинг асосий мақсади Корея Республикаси ва МДҲ мамлакатлари қонун чиқарувчи органлари ўртасида икки томонлама ҳамда кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ҳисобланади.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Корея парламентлари ўртасида бугун тобора мустаҳкамланиб бораётган муносабатларни янада чуқурлаштириш масалаларига эътибор қаратилди.

Таъкидланганидек, икки мамлакат парламентлари ўртасидаги алоқалар 1995 йилда бошланган бўлиб, ўша пайтда Корея Республикаси Миллий Ассамблеясида “Корея – Ўзбекистон” парламент дўстлик ассоциацияси тузилган эди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида эса, 2005 йилдан буён Корея Республикаси Миллий Ассамблеяси билан ҳамкорлик бўйича парламентлараро гуруҳ фаолият юритади.

Учрашувда икки мамлакат парламентлари қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти юзасидан тажриба алмашиш ҳамда бу борада келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар хусусида сўз юритилди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги савдо-иқтисодий, ижтимоий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ҳам янги босқичга олиб чиқиш, жумладан, ишбилармон доиралар ўртасидаги шериклик имкониятини ошириш, ўзаро сармоя киритиш ҳажмини кенгайтириш, бунда парламентларнинг салоҳиятидан янада унумли фойдаланиш масалалари муҳокама этилди.

Учрашув якунида томонлар икки мамлакат депутатлик корпуслари ўртасида доимий ишчи алоқаларни сақлаб туришга келишиб олдилар.
 

Мавзуга оид