Ўзбекистон | 22:25 / 31.08.2019
10495
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев: Мард ва матонатли халқимиз ўзи танлаб олган мустақиллик йўлига доимо содиқ бўлиб келмоқда

«Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида 31 август куни мамлакатимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллигига бағишланган байрам тантанаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев тадбир иштирокчилари, кўпмиллатли халқимизни Мустақиллик байрами билан табриклади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Бундан йигирма саккиз йил муқаддам, 1991 йил айни шу кунда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов Ўзбекистонни мустақил давлат деб эълон қилган эди. Бу сана эркин ва фаровон ҳаёт қуриш йўлидаги барча интилиш ва муваффақиятларга асос бўлди, халқимиз учун энг улуғ, энг азиз айёмга айланди. Ўтган даврда элу юртимиз машаққатли ва синовли кунларни бошдан кечирди, мамлакатимиз ўзгарди, ривожланди.

- Бугун бир ҳақиқатни катта ғурур ва ифтихор билан айтишга тўла асосимиз бор: мард ва матонатли халқимиз қанчалик қийин ва оғир синовларга дуч келмасин, ўзининг мустаҳкам иродасини намоён этиб, ўзи танлаб олган мустақиллик йўлига доимо содиқ бўлиб келмоқда. Бугун Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига дадил қадам қўймоқда, - дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.

Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар асосида Ўзбекистон миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил илгарилаб бормоқда. Демократик ислоҳотлар туфайли мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаб, фаол ташқи сиёсат олиб бормоқда.

- Биз бугун қандай ислоҳотларни, қандай ўзгаришлар, қандай янги лойиҳаларни амалга ошираётган бўлмайлик, уларнинг барча-барчаси ягона, улуғ бир мақсадга қаратилган. У ҳам бўлса, мана шу меҳнаткаш, заҳматкаш, олижаноб халқимизни рози қилиш, ҳаётнинг барча синовларини матонат билан енгиб яшаётган ватандошларимизнинг ишончини оқлаш, оғирини енгил қилишдан иборатдир, - деди Президент.

Давлатимиз раҳбари суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, ҳақиқий бозор иқтисодиётига ўтиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, саноат ва қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш борасидаги ишларнинг моҳияти ва натижалари ҳақида тўхталди. Ижтимоий ривожланиш бўйича ўзига хос тизим шакллангани, ҳудудларни обод қилиш, аҳолининг ҳаёт сифатини ошириш, ёш авлодни баркамол этиб тарбиялашга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

- Бугун бир фикрни қатъият билан таъкидлашни зарур деб биламан: Ўзбекистондаги демократик жараёнлар энди орқага қайтмайдиган, муқаррар тус олди, - деди Шавкат Мирзиёев. - Биз мана шу ёруғ кунлар учун курашиб, жон фидо этган ота-боболаримизнинг ҳаққи-ҳурмати, 33 миллионлик халқимизнинг ҳаққи-ҳурмати, бизга умид ва ишонч кўзи билан боқиб турган болаларимиз, набираларимизнинг ҳаққи-ҳурмати – мустақиллик ва истиқлол йўлидан ҳеч қачон қайтмаймиз! Ўз мақсадларимизга албатта етамиз – келажаги буюк Ўзбекистонни барчамиз биргаликда барпо этамиз!

Байрам тадбири санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури билан давом этди.

Мавзуга оид