Шавкат Мирзиёев: «Масжидларда одамларга динни худди биринчи синф боласига алифбодан сабоқ бергандек ўргатамиз»
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 31 август куни «Шаҳидлар хотираси» хиёбонига ташриф буюриб, қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида қатнашди.
Хиёбондаги рамзий қабр ёнида нуронийлар, уламо ва зиёлилар билан мулоқот бўлиб ўтди.
Давлат раҳбари юртимизда фидойи ва ватанпарвар боболаримизнинг ҳаёти ва меросини ўрганиш, хотирасини абадийлаштиришга катта эътибор қаратилаётгани қайд этди. Мамлакатдаги тинчлик, эркинлик ва тўкинликнинг қадрига етиш, ватан мустақиллиги учун курашган шаҳидлар ҳаётини ёшларга ўрнак қилиб кўрсатиш лозимлигини таъкидлади.
«Тинчликнинг қадрига етишимиз керак. Таҳликали дунёда вазият кун сайин эмас, соат сайин ўзгаряпти. Мана шундай оғир шароитда яшаяпмиз. Мустақиллигимиз учун курашган, машаққат кўрган, ёруғ кунларга интилган, шу йўлда адолатсиз қурбон бўлганлар, шаҳид бўлганларнинг ҳаётини ёшларга ҳар куни юз марта тушунтиришимиз керак. Масжидларда, жума намозларида дуо-фотиҳа қилиб, ваъзлар билан, оғирлик, вазминлик билан, ҳаёт билан ҳамнафас тарзда, амалий нарсаларни айтиб, халқимизни, мўмин-мусулмонларни тинчликни қадрлашга даъват қилсак, яхши натижа бўлади», - деди Шавкат Мирзиёев.
Юртбошимиз мамлакатимизда уламоларнинг, имомларнинг ёш авлодни тарбиялаш, тўғри йўлга чақиришдаги долзарб вазифаларини кўрсатиб берди.
«Тизим қиляпмиз, у бағрикенглик, маърифат ва маданият билан адашганларни тўғри йўлга солишни кўзда тутади. Имомларни ўқитиш тизимини ҳам ўзгартирамиз. Энди ҳар бир имом ўзининг ҳудудидаги мўмин-мусулмоннинг яхшисигаям, ёмонигаям жавоб беради. Имомлар оддий тил билан одамларга Исломнинг жамиятдаги ўрнини етказиши, тушунтириши керак. Энди масжидларда мўминларга динни худди биринчи синф боласига алифбодан сабоқ бергандек ўргатамиз. Мусулмон одам аввало оиласи, фарзандига тинчлик, омонлик тилайди. Бу билан ўзи яшайдиган юртга, ватанга тинчлик тилайди. Имомлар ўзи яшайдиган ҳудудда одамларга ўргатиши, таълим бериши, тўғри йўлга солиши керак», – деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари маърифат тарқатиш йўлида одамлар ҳам қараб турмаслиги лозимлигини, ҳамма бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши лозимлигини таъкидлади.
«Биз ҳадислар мактабига асос солдик, Ислом цивилизация марказини барпо қилдик, «Мир Араб» мадрасасини олийгоҳ қилдик. Ҳар йили Ҳаж харажатларини 30 фоизга арзон қиляпмиз. Одамлар Ҳаждан нур олиб келсин, шукроналик туйғусини олиб келсин. Ҳаждан келган ҳар бир одам ўз қўшнисини маърифатга, эътиқодга инонтира олса, шундагина ватанимиз, жамиятимиз ўнгланиб бораверади.
Яқинда Абдулла Қодирий бобомизнинг мактабини очяпмиз. Нимага? Ана шундай ватанпарвар, ҳақиқатпарвар одамларимизнинг ҳаётини ёшлар ўрганиши, улардан ўрнак олиши учун. Зулм бўлсаям улар «элим, халқим» деб жонини берган. Ота-боболаримиз Ўзбекистоннинг мустақиллиги учун курашган. Биз ўзимизнинг тинчлигимизни сақлаш учун жипс бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсак тўғри бўлади», - деди Шавкат Мирзиёев.
Мавзуга оид
20:59 / 26.11.2024
Президентга транспорт соҳасидаги трансформация жараёнлари тақдим этилди
19:05 / 26.11.2024
Наманганда флюорит тошини қайта ишлаш йўлга қўйилиши мумкин
23:08 / 25.11.2024
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раиси лавозимига сайланди
21:10 / 25.11.2024