Ўзбекистон | 17:10 / 08.01.2026
7226
3 дақиқада ўқилади

2025 йил Ўзбекистонда 3 та масжид ва 1 та черков рўйхатдан ўтказилди

Бугунги кунда Ўзбекистонда 2,1 мингдан ортиқ масжид ва 199 та ноисломий диний ташкилотлар фаолият юритмоқда. Дин ишлари бўйича қўмита соҳада йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берди.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси 2025 йил мобайнида диний-маърифий соҳада амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берди. Маълум қилинишича, 2025 йилда диний-маърифий соҳага оид 2 та қонун ва 12 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.

Идорага кўра, Ўзбекистон бўйлаб «Жаҳолатга қарши маърифат» ғояси асосида 70 мингдан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилган ҳамда уларда 3 миллионга яқин аҳоли қамраб олинди. Хусусан тадбирларга, давлат ва нодавлат ташкилотлар, хусусий корхоналар ходимлари, ҳарбийлар ва уларнинг оилалари, шунингдек, маҳкумлар «жалб қилинган». 100 мингдан ортиқ хотин-қизлар ўртасида эса зўравонлик, тазйиққа қарши тадбирлар ташкил этилган.

Қўмита шунингдек, турли ахборотларга 3 мингдан ортиқ раддиялар берган:

«Тизим ташкилотлари билан ҳамкорликда мутаассиблик, радикал ғоялар ва экстремизм руҳидаги ахборотларга қарши 3 411 та раддия мазмунидаги материаллар тайёрланиб, тарқатилди».

Маълум қилинишича, 2025 йил давомида диний-маърифий ресурслар орқали 170 мингдан ортиқ материал интернет тармоқлари орқали тарқатилган.

Ўтган йил давомида Ўзбекистондаги нашриётлар ва турли ташкилотлар томонидан диний-маърифий мазмундаги 1 100 га яқин номдаги адабиётларни чоп этиш бўйича мурожаатларга ижобий экспертлик хулосалари, шунингдек, уларнинг нашр этилишига рухсат берилди. Соҳага AI технологиялари жорий қилинган.

«Диншунослик экспертизаси фаолиятини янада такомиллаштириш, иш жараёнларини оптималлаштириш, ходимлар вақтини самарали тақсимлаш мақсадида экспертиза тадқиқотлари жараёнига сунъий интеллект технологиялари жорий қилинди», дейилади хабарда.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг маълум қилишича, бугунги кунда республика бўйича 2 минг 148 та масжид фаолият юритмоқда. 2025 йилда 3 та янги масжид рўйхатдан ўтди, 43 та масжидда тубдан қайта қуриш ҳамда 15 та масжидда таъмирлаш ишлари якунланди.

Барча диний таълим муассасаларининг ўқув-услубий, маънавий-маърифий, илмий йўналишлари қайта кўриб чиқилиб, 10 га яқин янги фанлар киритилди.

Айни пайтда Ўзбекистонда 199 та ноисломий диний ташкилот фаолият юритмоқда. 2025 йилда Навоий вилоятида 1 та янги диний ташкилот – Рим-католик черкови давлат рўйхатидан ўтказилди.

Маълум қилинишича, зиёрат туризмини ривожлантириш доирасида 845 мингдан зиёд хорижий, ички туризм йўналишида қарийб 3 миллион маҳаллий зиёратчиларнинг қадамжоларга ташрифлари амалга оширилган.

Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати 2025 йил давомида 1 та матбуот анжумани ва 3 та брифинг ўтказган.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид