Яқинда таҳририятимизга Хоразм вилояти Хонқа туманида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Мурожаат намунали уйларда яшовчи фуқаролар эътирози ва туман марказида амалга оширилиши режалаштирилган «снос» масалалари бўйича эди.

Тумандаги «Дўстлик» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи бир гуруҳ фуқароларнинг айтишича, улар намунали уйларга 2017 йилнинг октябрь ойида кўчиб келишни бошлашган. Ўша вақтда фарзандлари учун болалар майдончаси қурилиши ҳам белгиланган. Шундан буён туман ҳокимлиги ва бир нечта ташкилотга бу ҳақда мурожаат қилишган.

«Ҳар сафар мажлисда дардимизни айтсак ёзиб олишади. Лекин бундан фойда йўқ. Нолимаймиз, уйларимиз, яшаш шароитимиз яхши. Аммо фарзандларимиз бетон ётқизилган кўчада ўйнашмоқда. Йиқилиб қаттиқ жароҳат олишмоқда. Яқинда бирининг қўли синди, бошқасининг оёғи жароҳатланди.

Яна кўчамизнинг бир неча ўн метрдаги йўлига шағал ташланган, бироқ иш охиригача етказилмаган. Асфальт қопланмаган. Шундай қолиб кетди. Камига биз яшайдиган ҳудудда на маҳалла гузари, на сартарошхона ва на бошқа аҳоли учун зарур бўлган масканлар бор. Ҳокимиятга борсангиз муаммолар ҳал бўлмайди», - деди маҳалла оқсоқоли фуқаролар номидан.

Бундан ташқари, исмини ошкор қилмасликни сўраб туман марказида яшовчи бир неча фуқаро туман марказида режалаштирилаётган «снос» ва таъмирга муҳтож бозор масаласида ҳокимликдан изоҳ олиб беришни сўрашди.

Юқоридагиларга тушунтириш олиш мақсадида туман ҳокими Оманбой Жуманазаров билан боғландик.

«Маҳаллангизда болалар майдончасини қураман деган тадбиркор борми? Агар шундай тадбиркор бўлса, ер ажратиб берардик, масала тез ҳал бўлиб ўйингоҳ қурар эди.

Маҳаллангизда йўллар тузатилган, газ бор, сув бор, электр бор. Тўғрими? Йўлларингиз бетонлаштирилган, асфальтланган. Шаҳардан кам жойи йўқ. Битта муаммо шуми? Уни ҳам қилиб берамиз», дейди туман ҳокими.

Маҳалла раиси бундай гаплар доим такрорланишини айтиб, ўз эътирозини билдирди.