Жаҳон | 22:40 / 05.09.2019
49910
2 дақиқада ўқилади

Атамбоев бир ой ичида илк бор омма олдида кўринди

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев ҳибсга олингандан кейин илк бор омма олдида кўринди. 

Атамбоев 8 августда қўлга олинганди. У бир қатор оғир жиноятларда айбланган. Айни вақтда у Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Бишкекдаги тергов изоляторида сақланмоқда.

4 сентябрда қўмита биноси ёнида Бишкек шаҳар суди коллегиясининг Атамбоев адвокатларининг шикояти бўйича сайёр йиғилиши бўлиб ўтган. 

Суд қарорини кутиш вақтида кўчада Атамбоевинг яқинлари ва тарафдорлари, жумладан унинг рафиқаси Раиса Атамбоева, ўғли Қодир ҳамда Жогорку Кенеш депутатлари йиғилишган. Атамбоев барча йиғилганларга қўлини силкитиб қўйган. 

Таъкидланишича, Қирғизистон социал-демократик партиясининг депутатлари Асел Кодуранова ва Ирина Карамушкина Атамбоев билан учрашишган. 

Кодуранованинг айтишича, улар Атамбоевнинг ҳибсда ушлаб турилиши вақтида у билан илк бор учрашишган. Учрашув 40 дақиқача давом этган. Собиқ президентда ҳеч қандай шикоятлар бўлмаган.

“Албатта у ер курорт эмас. Бироқ у ҳеч нарсадан шикоят қилмади. Шунингдек, бизга ҳеч қандай кўрсатма бермаган”, деб айтган депутат аёл. 

Кейинроқ  суд Атамбоевнинг қўлга олинишини қонуний деб тан олган.

Мавзуга оид