Ўзбекистон | 19:48 / 06.09.2019
3370
2 дақиқада ўқилади

Тўқимачилик саноатига хорижлик технологларни жалб қилишга мажбур бўлмоқдамиз — «Ўзтўқимачисаноат»

Бугун, 6 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўзтўқимачисаноат» уюшмаси мутасаддилари ва журналистлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуман давомида «Ўзтўқимачисаноат» уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров тўқимачилик соҳаси кейинги йилларда сезиларли даражада ўсаётгани ҳақида маълумот берди.

«Бу соҳада экспорт салоҳиятимиз ҳам ривожланмоқда. 2018 йили 1,6 миллиард АҚШ доллари миқдорида тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилган бўлсак, жорий йил маҳсулотларимиз экспорти ҳажми 2 миллиард долларга етиши кутилмоқда», дейди Илҳом Ҳайдаров.

Шунингдек, «Ўзтўқимачисаноат» уюшмаси раиси соҳада фаолият юритаётган кадрлар малакаси бўйича камчиликлар ва ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

«Бугунги кунда жуда катта инвестициялар ҳисобига саноатимизни ривожлантирдик. Тўқимачилик саноатида ҳам ривожланган технологиялар мавжуд. Лекин уларни ишлата олиш алоҳида масала бўлиб қолмоқда.

Афсуски, биз бугун технологияларни ишлатиш учун чет эллик технологларни жалб қилмоқдамиз. Туркия, Жанубий Корея, Ҳиндистон ва ҳатто, Бангладешдан ҳам мутахассисларимиз бор», дея уюшма раисининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Уюшма раисининг маълумотига кўра, тўқимачилик саноатига керакли кадрларни тайёрлаш учун Олий таълим вазирлиги ҳамда Тўқимачилик ва енгил саноат институти билан қўшма «Йўл харитаси» тузилган. Тизимда айни пайтда 3та поғонада кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Мутахассисларни қайта тайёрлаш, олий таълим бериш ва кичик-кичик курсларда кадрлар тайёрлаш орқали уларга бевосита мутахассисликлар бериш шулар жумласидан.

«Кадрлар тайёрлаш борасида қилинаётган ишлар самараси келаси бир неча йилда намоён бўлишига умид қиламиз», дея қўшимча қилди Илҳом Ҳайдаров. 

Мавзуга оид