Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикаси норезидентлари иштирокида қимматли қоғозларга доир битимларни тузиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.
Низомга кўра, ҳисоб-китоб-клиринг палатасининг инвестиция воситачилари билан ўзаро муносабати ҳисоб-китоб-клиринг хизмати тўғрисидаги шартнома ва савдолар ташкилотчисининг қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.
Қимматли қоғозларни сотиб олиш ва сотиш битимлари бўйича буюртмалардаги нархлар фақат Ўзбекистон Республикаси миллий валютасида кўрсатилади.
Норезидент қимматли қоғозлар олувчиси қимматли қоғозлар қийматини миллий валютадаги пул маблағлари билан, чет давлатдан пул маблағлари келиб тушганда эса чет эл валютасида ҳам тўлашга ҳақли.
Қимматли қоғозларга доир битимлар бўйича ҳисоб-китоблар “тўловга қараб етказиб бериш” принципи асосида амалга оширилади.
Чет эл валютасидаги пул маблағларининг ҳисобини юритиш ва сақлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хизмат кўрсатувчи банкда очиладиган инвестиция воситачисининг алоҳида ҳисобварағида амалга оширилади.
Норезидентлар иштирокида чет эл валютасида қимматли қоғозларнинг олди-сотди битимлари бўйича ҳисоб-китоблар ва тўловлар нақд пулсиз шаклда, шу жумладан банк карталаридан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.
Норезидентлар – юридик шахслар уюшган савдоларда қимматли қоғозларни сотиб олиш (сотиш) учун Ўзбекистон Республикаси тижорат банкларида ҳисобварақлар очиш ва чет эл валюталарини сотиб олиш (сотиш) ҳуқуқига эга.
Инвестиция воситачиси мижоз – норезидент билан тузилган шартномага асосан тижорат банкларига мижоз – норезидент номидан ва ҳисобидан чет эл валютасини сотиб олиш (сотиш)га буюртмалар бериш ҳуқуқига эга.
Жисмоний шахснинг пул маблағларини қимматли қоғозларни сотиб олиш учун инвестиция воситачисининг алоҳида ҳисобварағига ўтказишда, тўлов топшириқномасининг “Тўловчининг номи” устунида жисмоний шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми тўлиқ кўрсатилади, тўлов агентлик тармоғи орқали тўловларни амалга ошириш ҳоллари бундан мустасно.
Жисмоний шахс пул маблағларини инвестиция воситачисининг алоҳида ҳисобварағига ўтказиш учун тўлов топшириқномасидаги “Тўлов мақсади” устунида паспорт серияси ва номери, инвестиция воситачиси билан тузилган шартноманинг санаси ва номери кўрсатилиши керак, тўлов агентлик тармоғи орқали тўловларни амалга ошириш ҳоллари бундан мустасно.















