Президентнинг “Ислом молиялаштириш тамойиллари асосида қимматли қоғозларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитасининг:
ислом молиялаштириш тамойиллари асосида қимматли қоғозларни жорий этиш ҳамда назорат остидаги мол-мулк ва мулкий ҳуқуқларга нисбатан иқтисодий назорат ҳуқуқини баҳолаш ва сотиш (бошқага ўтказиш) имкониятини яратадиган бенефициар мулк ҳуқуқини белгилаш ва сотиш (бошқага ўтказиш) соҳасида инглиз ҳуқуқи меъёрларини қўллаш учун республикада керакли инфратузилма яратиш;
Капитал бозорини ривожлантириш агентлигини Ўзбекистон ҳудудида ислом молиялаштириш тамойиллари асосида қимматли қоғозларни чиқариш, жойлаштириш ва муомалага чиқаришни тартибга солувчи ваколатли давлат органи сифатида белгилаш;
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлар бўйича қўмитаси суқуқ қимматли қоғозлари чиқарилишининг ислом молиялаштириш тамойилларига мувофиқлигини тасдиқловчи ваколатли орган сифатида белгилаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади.
Қуйидагилар белгиланади:
суқуқ қимматли қоғозлари – ислом молиялаштириш тамойилларига асосан чиқарилган, мол-мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи ва мулк ҳамда мулкий ҳуқуқдан фойдаланиш ва (ёки) улардан фойдаланишдан олинадиган даромадлар, ушбу қимматли қоғозлар молиялаштирилиши мақсадида чиқарилган маълум лойиҳалар хизматлари ёки мол-мулкига бўлган бўлинмас ҳуқуқни тасдиқловчи эмиссиявий қимматли қоғозлар;
суқуқ ижара қимматли қоғозлари (суқуқ ал ижара) – муомала муддати аввалдан белгиланиб, махсус молия компанияси томонидан ислом молиялаштириш тамойилларига асосан чиқарилган қимматли қоғозлар бўлиб, уларнинг эгалари ижара шартномаси (молиявий лизинг) бўйича даромад олиш ҳуқуқига эга бўлишади;
суқуқ иштирок этиш қимматли қоғозлари (суқуқ ал мудораба/мушарака) – муомала муддати аввалдан белгиланиб, махсус молия компанияси томонидан ислом молиялаштириш тамойилларига асосан жалб этилган маблағлардан янги инвестициявий лойиҳани ташкил этиш учун фойдаланиш, оддий шерикчилик шартномаси ёхуд акциядорлик жамияти ёки масъулияти чекланган шерикчилик ташкилий-ҳуқуқий шаклидаги юридик шахсни ташкил этган ҳолда мавжуд инвестициявий лойиҳани ривожлантириш ёки тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш мақсадида чиқарилган қимматли қоғозлар;
тўлови узайтирилган қайта сотиб олиш қимматли қоғозлари (суқуқ ал муробаҳа) – муомала муддати аввалдан белгиланиб махсус молия компанияси томонидан ислом молиялаштириш тамойилларига асосан чиқарилган қимматли қоғозлар бўлиб, бунда оригинаторга тўлови узайтирилган мол-мулк берилади;














