«Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги қонун «биржа облигацияси» ва «чет эллик номинал сақловчи» тушунчалари билан тўлдирилди.
Қонуннинг янги 6-1-моддасига мувофиқ, биржа облигацияларининг эмиссияси давлат рўйхатидан ўтказилмасдан ва қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи билан келишилган ҳолда фонд биржаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. Тўлаш муддати 1 йилдан кўп бўлмаган биржа облигацияларини жойлаштириш ва уларнинг муомаласи фонд биржаларида амалга оширилади. Уларни жойлаштириш фақат биржа облигацияларининг чиқарилишини рўйхатга олган фонд биржаси орқали амалга оширилади.
Қонуннинг 36-моддаси билан чет эллик номинал сақловчига инвестиция воситачиси билан биргаликда қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқлар ҳам берилган. Чет эллик номинал сақловчи, шунингдек инвестиция воситачиси сифатида депо ҳисобварақларини юритиш Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг мутлақ функцияларига киритилган.
Қонуннинг 40-моддасида қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг ҳуқуқлари белгиланган. У қуйидагиларга ҳақли:
- Ўзбекистон резидентлари томонидан чиқарилган ва республика ҳудудидан ташқарида муомалада бўлган қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш учун чет эллик номинал сақловчига ҳисобварақлар очишга;
- эмитент билан тузиладиган шартномага кўра даромадларни (дивидендларни) ва қимматли қоғозларнинг қийматларини тўплаш учун мўлжалланган пул маблағларини олишга, шунингдек тегишли тўловларни амалга оширишга;
- қимматли қоғозлар эгаларининг реестрларини юритишга доир вазифаларни бажаришда инвестиция воситачиларидан ва чет эллик номинал сақловчилардан мазкур реестрларни шакллантириш учун зарур бўлган маълумотларни олишга.
Қонунда инвестиция маслаҳатчиси тушунчасига ўзгартириш киритилди. 28-моддага мувофиқ, инвестиция маслаҳатчиси бошқа хизматлар билан бирга трансфер-агент хизматларини ҳам кўрсатади. Қонун 25-моддаси 2-қисмида белгиланишича, инвестиция маслаҳатчиси эмитентларга қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш тизимига тааллуқли ҳужжатларни қабул қилиш, уларга ишлов бериш ва уларни топшириш хизматларини кўрсатаётган бўлса, у инвестиция воситачиси профессионал фаолиятини амалга оширишга ҳақли эмас.















