Жаҳон | 20:27 / 09.09.2019
6312
2 дақиқада ўқилади

Минглаб бегона одамлар касалманд болани қўллаб-қувватлаб, унда ҳаётга муҳаббатни қайтаришди

Англиянинг Болтон шаҳрида яшовчи ва оғир касалликдан азият чекувчи бола бегона одамлардан 3 мингдан кўпроқ откритка олди. Бу ҳақда The Mirror нашри хабар берди. 

Таъкидланишича, 13 ёшли Рис Уильямс буллёз эпидермолиз касаллигидан азият чекади. Бу туғма касаллик унинг терисини ўта таъсирчан ва енгил жароҳатланувчи қилади. Ҳаттоки кичик таъсирлар ҳам унинг терисида пуфаклар ва яллиғланишлар ҳосил бўлишига олиб келади. Бола жароҳат олмаслиги учун унинг оёқ-қўлларини мунтазам бинтлашга тўғри келади. Яраларга эса синчковлик билан ишлов беришга тўғри келади, акс ҳолда улар битмас жароҳатларга айланиши мумкин.

Бола мунтазам равишда бинтланган ҳолатда юришдан чарчаб, ўз жонига қасд қилиш ҳақида ўйлай бошлаган ва онасига “тўйиб кетганини” айтган. Ўғлининг бу гапларидан ваҳимага тушган аёл жигарбандига ёрдам бериш йўлини излай бошлаган: у Facebook фойдаланувчиларидан ўғлининг 14 ёшига откриткалар жўнатишни сўраган.

Онанинг бу илтимоси тезда оммалашиб, бир неча кун ичида болага бутун дунёдан, жумладан Қатар, АҚШ ва Чилидан 3 мингдан кўпроқ откритка ва совғалар келган. Жўнатмалар шунчалик кўп бўлганки, Уильямслар уйига Рис учун аталган мактубларга лиқ тўла почта фургони келган.

Риснинг онаси Таня ўғли бундан ўзида йўқ хурсандлигини, дўсти билан ҳар бир мактубни эътибор билан ўқиб чиқаётганини айтган. “Бу ғаройиб. Менга Facebook’га минглаб хабарлар келди, одамлар эшигимиз ёнига отриткалар олиб келмоқдалар, Рис учун мактубларга лиқ тўла фургон келди”, деб айтган она. Аёл ўғлини қўллаб-қувватлашга қарор қилган барчага миннатдорлик билдирган.

Шунингдек, онанинг постига маҳаллий футбол жамоаси “Болтон Уондерерс” ҳам жавоб берган. Клуб болага уларнинг рамзи бўлишни таклиф қилган ва Рис бу таклифга бажонидил рози бўлган.

Мавзуга оид