Kun.uz сайти ҳамда пойтахтдаги “Гeматология ва қон қуйиш илмий-тeкшириш институти”нинг ҳамкорлиги доирасидаги хайрия акциялар яна жонланмоқда. Бу сафар ҳам шифо умидидаги болалар ҳолидан хабар олиш учун йўлга чиқдик.

Бу шифохонада бошқаларидан фарқланади. Кўзларига мунг илашган болалар ҳам, уларни қўллаб ёнларида турган оналар ҳам, шифокорларнинг бир имосига маҳтал бўлиб, ҳовлида юрган оталар ҳам ҳадик ва умид билан кун кечирадилар. Бу маскандаги ёрдам илинжида тикилиб турган нигоҳларга қараш жуда оғир, ўзидан орттириб кўмак бериш учун келганлар кимнидир хурсанд қилишса, ўзлари билмаган ҳолда кимнингдир кўнглини оғритиб ҳам қўйишади. Сабаби – ҳаммага мадад бўлишнинг иложи йўқ. Шунинг учун ҳам бу ерда ҳар қандай ёрдам – каттаси ҳам, кичиги ҳам қадрли. Ҳар қанча ҳомий бўлса, беқиёс ўрни бор. 

Бугун ҳам бир қанча беморлар ҳақидаги лавҳаларни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Ишонамизки уларнинг мураккаб тақдири сизларни бефарқ қолдирмайди.

Биринчи беморимиз Ёқутхон Аҳматова 14 ёшда, Тошкент вилояти Бекобод туманидан. 2017 йилда оққон касаллигига чалинган бўлса, ўтган икки йил давомида даволанган ва соғайиб кетгани учун уйига жавоб берилган. Аммо яқинда, Ёқутхон барча дугоналари билан мактабга боришни режалаштириб юрган кунларда касаллик яна қайталаниб қолган.

– Ўтган сафар даволанаётганимизда сочларим тўкилиб кетганди. Шу боис уялганимдан опажонимнинг тўйига ҳам бора олмадим. Бир укам бор, роса мен билан мактабга боришни орзу қилади. Бирор марта укам билан бирга етаклашиб дарсга бориш насиб қилмади. Ҳозир ҳам дугоналарим ҳар куни телефон қилишади: “Ёқутхон, қачон келасан, сени соғиндик” дейишади. “Мен яқинда бораман, кутинглар” дейман, кейин бошимни ёстиққа буркаб йиғлайман. Илтимос, бизга ёрдам беринглар, мени даволатаман деб ота-онам жуда қийналиб қолишди-, дейди қизгина.

Ёқутхон қўшиқлар айтаркан. Бизга мунгли бир қўшиқдан парча айтиб берганида суратга олиш жараёнидаги барча иштирокчилар кўзёшларини тийиб тура олмадилар.

Пластик карта рақами: 8600 5729 4947 9138 “Ориентфинанс” банк, отаси Бахтиёр Эргашев номида.