Жаҳон | 22:49 / 12.09.2019
19148
2 дақиқада ўқилади

Роберт Мугабе оиласи ва ҳукумат орасида уни дафн этиш борасида зиддият келиб чиқди

Зимбабвенинг собиқ президенти, ўтган ҳафта 95 ёшида вафот этган Роберт Мугабенинг оиласи мамлакат ҳукумати улар билан марҳумнинг дафн этилиши борасида маслаҳатлашмаганидан норозилик билдирмоқда. Марҳумнинг оиласи унинг она қишлоғида ёпиқ дафн маросими ўтказмоқчи бўлган, ҳукумат эса дабдабали дафн маросими ўтказиб, собиқ президентни миллий қаҳрамонлар хиёбонида дафн этмоқчи. 

Сингапурдаги шифохонада вафот этган Мугабе мамлакатга 37 йил раҳбарлик қилган ва 2017 йилги ҳарбий тўнтарув оқибатида ҳокимиятдан четлатилганди. 

Ҳукумат режасига кўра, 13 ва 14 сентябрь кунлари унинг жасади пойтахт Хараредаги футбол стадионида видолашиш учун қўйилади. Бироқ марҳумнинг оиласи бунга норозилик билдирмоқда ва шу сабабли ҳукумат билан унинг қаерга дафн этилиши борасида низо чиққан.

Мугабенинг оиласи у билан видолашиш маросимини она қишлоғи Кутамада 15 сентябрда ўтказишни ва эртаси куни ёки 17 сентябрда ўша ерда дафн қилишни режалаштирганди.  

Бироқ ҳукумат Мугабени пойтахт яқинидаги миллий қаҳрамонлар қабристонида дафн қилмоқчи.

“Биз, унинг яқин қариндошлари, Зимбабве ҳукумати Роберт Мугабе билан видолашиш ва уни дафн этиш маросимининг бундай сценарийсига кўнишга мажбур қилмоқчилигидан норозимиз. Бу унинг истакларига зиддир”, деб айтган собиқ президентнинг оиласи.

Бундан ташқари, Мугабенинг яқинлари унинг охирги кўрсатмаларига кўра, беваси Грейснинг маросимнинг бошидан охиригача бўлишидан хавотир билдиришган.

Таълим вазири Пол Мавхима Мугабе миллий қаҳрамон сифатида дафн этилишига шубҳа бўлмаслиги кераклигини айтган. У Мугабе муҳим шахс бўлгани ва у билан видолашиш маросимига 50 га яқин собиқ ва амалдаги давлат раҳбарлари келишини айтган.

2017 йилда 93 ёшли Мугабе ҳокимиятни рафиқаси Грейсга топширишга тайёрланаётгани хавотири остида армия унга қарши исён кўтариб, уни ҳокимиятдан четлатган. Мамлакатнинг янги президенти Эммерсон Мнангагва бўлган.

Мавзуга оид