Жаҳон | 18:44
1093
1 дақиқада ўқилади

Эрон Али Хоминаийни ўлимидан тўрт ой ўтиб дафн этади

Эроннинг собиқ олий раҳбари Али Хоминаийни дафн этиш маросими 4 июль куни Теҳронда бошланади. У 28 февраль куни АҚШ ва Исроилнинг Эрон ҳудудига биринчи зарбалари пайтида ҳалок бўлган эди.

Фото: Majid Asgaripour/WANA (West Asia News Agency) via Reuters

Fars агентлиги хабарига кўра, дафн маросимида Али Хоминаий, шунингдек, Эрон раҳбарининг рафиқаси, келини, куёви ва набираси билан хайрлашув маросими бўлиб ўтади. Зарба оқибатида Хоминаийнинг ушбу қариндошлари ҳам ҳалок бўлган.

Пойтахтда хайрлашув маросими 6 июлга қадар давом этади. Эртаси куни шиалар учун муқаддас бўлган Қум шаҳрида мотам юриши бўлиб ўтади. 9 июль куни Хоминаий туғилган шаҳри Машҳадда Имом Ризо мақбарасига дафн этилади.

Дастлаб Хоминаий билан видолашув маросими 4 март куни бўлиб ўтиши ва уч кун давом этиши керак эди. Бироқ, маросим куни Эрон расмийлари тадбир қолдирилганини эълон қилди. Қарор хайрлашишни хоҳловчиларнинг жуда кўплиги билан изоҳланди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид