Жаҳон | 21:55 / 15.09.2019
37065
2 дақиқада ўқилади

Вазни чорак тонна бўлган йигит бир йилда бутунлай ўзгариб, илк марафонини югуриб берди

Буюк Британиянинг Мидлсбро шаҳрида истиқомат қилаётган, ўз танаси устида узоқ ишлаган Даррен Макклинток вазнини 133 килограммгача камайтиришга муваффақ бўлди. Гарчи бу вазн ҳам кичик кўрсаткич ҳисобланмаса-да, у олдингисидан анча кам.

Лақаби Дибси бўлган фаст-фуд ишқибози ўзини эпақага келтиришга мажбур бўлган. Чунки бақалоқнинг ҳаёти жиддий хавф остида қолаётган эди.

У вазнининг деярли ярми — 120 килограммини йўқотди ва 57 минг киши орасида «Буюк шимол югуриши»да қатнашишга ҳам улгурди.

Фото © Mark Hind

Семизлик уни муқаррар ўлимга олиб боришини англаганида Даррен ўз дўсти — профессионал мураббий Марк Ҳиндга мурожаат қилган. Устози дарҳол ташаббусни қўлга олган ва шаҳардаги барча фаст-фуд ресторанларига Дарренга хизмат кўрсатмасликни тайинлаб чиққан. Шу кундан бошлаб унга кўчада таомланиш тақиқланган.

Дибсини қутқаринг. Семизлик уни ўлдиради. Унга хизмат кўрсатманг.

Фото © Mark Hind​​

Даррен ўз рационидан фаст-фудни йўқотгач, унинг ўрнига соғлом парҳезни қабул қилган ва машқлар билан шуғуллана бошлаган, деб ёзади Teeside Live. Берилган қурбонликлар бунга арзирди. 8 сентябрь куни Даррен «буюк шимол югуриши»да иштирок этиб, финиш маррасини 2 соату 43 дақиқада кесиб ўтган.

«Менда ҳаммаси жойида! Тўғри, оёқларим бироз оғриб турибди. Йўлда менга ёрдам беришди, фақат маънан. Мени қўллаб-қувватлашади, деб сира ўйламаган эдим. Бу кутилмаган ҳол», деган у.

Фото © Mark Hind

Озиш учун курашиб узоқ йўл босган Даррен энди кескин озишдан сўнг осилиб қолган ортиқча териларини йўқотиш учун операцияга пул тўплай бошлаган.

Мавзуга оид