Азалдан халқимиз илмга, хусусан диний илмларга рағбат билдириб келган. Кейинги йилларда мўмин-мусулмонларнинг динни ўрганишга бўлган қизиқиши янада ортиб бормоқда. Ўз ўрнида давлатимиз томонидан мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини қондириш учун бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам бунга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Kun.uz таҳририяти Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Фатво бўлими бошлиғи Ҳомиджон Ишматбеков билан фатво масаласи, уни сўраш одоблари, фатво берувчининг масъулияти ҳақида суҳбат уюштирди.

Фатво нима ва унинг қандай турлари бор?

Фатво арабча сўз бўлиб, саволга жавоб бериш деган маънони билдиради. Ушбу сўз Қуръони каримда ҳам келади: одамлар Юсуф алайҳиссаломнинг олдига кундалик иқтисодий, маиший турмуш ташвишлари бўйича савол сўраб келганда, у киши бу саволларга жавоб берган. Кейинчалик бу сўз диний-илмий истилоҳга (атама сифатида — таҳр.) айланган ва динга оид савол-жавобга нисбатан ишлатилади. Демак, бугунги кунда берилган саволларга диний нуқтаи назардан жавоб бериш фатво ҳисобланади.

Уламолар диний фатвони бир неча турга бўлишган. Биринчиси, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўралган саволлар ва уларга берилган жавоблар. Бу савол-жавоблар шариатимизнинг жорий этилиши учун бўлган. Саҳобалар таҳорат, савдо-сотиқ ва бошқалар ҳақида савол берганда, Аллоҳ таоло ул зоти бобаракотга Қуръондан оят нозил қилган ёки ўзларига билдирилган илҳом — ҳадислар орқали жавоб берганлар ва бу шариатимизга кирган. Буни “Фатвои ташриъий”, яъни шариатни жорий қилувчи фатволар дейилади. Бу фақат Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларига хос саналади.

Кейигиси фуқаҳоларнинг фатвоси. Яъни мазҳаббошилар, мужтаҳид уламоларнинг асарлари, хусусан бизнинг ҳанафий мазҳабимиздаги ёзилган китоблардаги масалалар ҳаммаси фатво. Улар оятдан, ҳадисдан истинбот қилиб чиқаришган. Масалан, таҳорат оятидан унинг фарзларини — тўртта фарзи бор — чиқарганлар. Буни Пайғамбаримиз алайҳиссалом тўртта фарзи бор деб айтмаганлар, балки уламоларимиз истинбот қилиб чиқариб, мусулмонларга баён қилиб берганлар.

Китоблар масаласига қараб бобларга ажратилган: намоз боби, никоҳ боби, талоқ боби каби. Улардаги масалалар баёни фатво ҳисобланади. “Фатвои қозихон”, “Фатавои оламгирия” ва бошқа юзлаб фатво китобларини келтириш мумкин. Булар савол-жавоб тарзида бўлмай, балки эгаллаган илмларига таяниб баён қилиб беришган.