Kun.uz январ ойида “Ўзбекистонликлар учун Умра-2022 арзонроқ бўлиши ҳам мумкин эди. Аммо...” сарлавҳали мақола эълон қилган эди.

Мақолада Саудия Арабистонининг “Manazel Al-Mukhtara Trading Co” компаниялар гуруҳи ўзбекистонликлар учун Умра-2022 сафарини ташкил этиш бўйича нисбатан яхшироқ таклифларни билдирганига қарамай, тендерда соҳада етарли тажрибага эга бўлмаган транспорт-логистика компанияси ғолиб деб танлаб олингани ҳақида сўз боради.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси мазкур мақолага раддия берди, ушбу мақоламиз мазкур раддиядан кейин пайдо бўлган саволлар ҳақида бўлади.

Таъкидлаш жоизки, мақолани эълон қилишдан мақсад кимнидир ёмон кўрсатиш эмас, аксинча Умра ва Ҳаж зиёратини ташкил этиш борасида аввал амалга оширила бошланган ислоҳотларни давом эттиришга туртки бериш эди.

Ахир, пандемиядан олдин Умра тўловлари қарийб 4 млн сўмга арзонлаштирилгани ҳолда квоталар олиб ташланишига эришилган эди. Сарф-харажатлар камайтирилгани ҳисобига кўпчиликда ушбу муқаддас зиёратни амалга ошириш имкони пайдо бўлганди. Ҳаж ибодатини амалга ошириш нархлари 38 млн сўмдан 33 млн сўмга арзонлаштирилган, квоталар 7 200 кишига етказилган эди.

Қайд этиш лозим, давлат раҳбари кўплаб маротаба ўз чиқишларида барча соҳада шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш зарурлигини такрорлайди.

Аммо давлат идоралари ва жамоат ташкилотларининг очиқлиги ҳамда шаффофлиги нима учундир Умра ва Ҳаж харажатлари очиқланишига келганда ишламай қоляпти?!

Қолаверса, бутун дунёда, ҳатто ён қўшни мамлакатларда ҳам Умра ва Ҳаж зиёратларини ташкил этишнинг барча босқичлари шаффоф. Уларда Умра ва Ҳаж харажатлари давлат идоралари ва сайёҳлик ширкатларининг интернет саҳифаларида очиқ жойлаштирилган.

Ёдингизда бўлса, Мусулмонлар идорасига 12 банддан иборат саволларни йўллагандик. Буни қарангки, идоранинг на муносабатида ва на расмий жавоб хатида келтирилган саволларнинг бирортасига тайинли жавоб берилмаган.

Энди келинг, Мусулмонлар идорасининг муносабатини бироз таҳлил қилсак.