Ўзбекистон | 20:51 / 17.09.2019
8691
3 дақиқада ўқилади

«Марказ – 2019»: «Ғурумсарой» полигонида халқаро ҳарбий ўқув машғулотларига старт берилди

Кеча, 16 сентябрь куни Бешариқ туманида “Марказ – 2019” халқаро ўқув-машғулотида қатнашиш учун юртимизга ташриф буюрган тожикистонлик ҳарбийларни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар қилмоқда.

Шарқий ҳарбий округ масъул офицерлари, Бешариқ тумани ҳокимияти вакиллари ҳамда маҳаллий санъаткорлар Тожикистон ҳарбий хизматчиларини ўзбекона миллий анъанага кўра, нон ва туз билан ўзига хос байрамона кайфиятда кутиб олишди. 

Шундан кейин тожикистонлик ҳарбий хизматчилар Наманган вилоятида жойлашган “Ғурумсарой” дала-ўқув майдонига етиб келишди ва машғулотларга тайёргарликни бошлаб юборишди.

Куннинг иккинчи ярмида ўзбекистонлик ва тожикистонлик ҳарбийлар иштирокида брифинг ташкиллаштирилиб, Мудофаа вазирлиги масъул офицерлари “Марказ – 2019” ўқув-машғулотларининг тартиби ҳамда ундан кўзланган мақсадни меҳмонларга етказди.

Бугун, 17 сентябрь куни “Ғурумсарой” дала-ўқув майдонида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийлари иштирокидаги стратегик қўмондонлик штаб машғулотлари доирасидан ўрин олган “Марказ – 2019” ўқувига старт берилди.

Очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари, Қуролли Кучлар бош штаби бошлиғи генерал-майор Павел Эргашев ушбу ўқув машғулотлари давлатларимиз ўртасидаги ҳарбий муносабатларнинг мустаҳкамланишига ҳамда жанговар тайёргарликни оширишда муҳим ўрин тутишини таъкидлаб, ўқув-машғулотларида иштирок этаётган ўзбек ва тожик ҳарбийларига муваффақият тилади. 

Тожикистон Республикаси қуруқликдаги қўшинлар қўмондонининг биринчи ўринбосари генерал-майор Ихтиёр Охунзода Неъматулло ҳам “Ғурумсарой” полигонида ташкиллаштирилаётган “Марказ – 2019” ўқув-машғулотлари Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийларининг ҳамкорлигида ташланган навбатдаги қадам бўлишини айтиб, тадбир ташкилотчиларига дўстона кутиб олиш тадбирлари учун ўз миннатдорчилиги билдирди. 

Куннинг иккинчи ярмида Тожикистондан ташриф буюрган меҳмонлар учун Қўқон шаҳри тарихий обидалари бўйлаб экскурсия уюштирилди.  

Эслатиб ўтамиз, “Марказ – 2019” ўқув машғулоти доирасида Россияда бўлиб ўтадиган амалий ҳаракатлар билан бир вақтда Наманган вилоятида жойлашган “Ғурумсарой” полигонида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбий бўлинмалари томонидан шартли равишда жанубий сарҳадларга суқилиб кирган террорчи гуруҳларга қарши ҳамкорликдаги ўқув машғулотлари ҳам ўтказилади.

Мавзуга оид