«Марказ – 2019»: «Ғурумсарой» полигонида тактик ўқув машғулотларига тайёргарлик бошланди
«Марказ – 2019» қўмондонлик-штаб стратегик ўқувлари ўтказишга ҳозирлик кўраётган ўзбекистонлик ва тожикистонлик ҳарбийлар «Ғурумсарой» дала-ўқув майдонида тайёргарлик жараёнларини бошлаб юборди.
Машғулот режасига асосан, ноқонуний қуролланган жангарилар гуруҳи Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасида ҳаракатланаётгани ҳақида разведка маълумотлари келиб тушган. Шартли душманнинг қайси давлат ҳудудида эканлиги ноаниқлиги сабаб икки давлат ҳарбийлари чегара туманида бир вақтда разведка-қидирув ишларини бошлаган ҳолда ҳаракатланади.
Махсус-тактик операция давомида икки давлат бўлинмалари ҳарбий авиация, енгил зирҳланган машиналар ва артиллерия қўшинлари кўмагида жангарилар тўдасини буткул яксон қилиши лозим. Таъкидлаш жоизки, мазкур ўқув Ўзбекистон ва Тожикистон ҳарбийларига чегара ҳудудларида биргаликда махсус-тактик амалиётларни олиб бориш, террористик хавф-хатарларни бартараф этиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш имкониятини беради.
Машғулот ўтказилган майдонда тактик ўқувларнинг самарадорлигини ошириш учун шартли чегара ҳудуди ташкил этилди. Ўқув олди машғулотида бўлинмалар ўзаро уюшқоқлик билан ҳаракат қилганлиги шартли террорчиларни йўқ қилиш операцияси самарадорлигини оширмоқда.
Ушбу ўқув машғулотининг аҳамиятли жиҳатларидан яна бири – қўшни давлат ҳарбий хизматчиларига юртимизнинг қадимий тарихи, бетакрор табиати билан танишиш имконияти ҳам яратилганида. Меҳмонлар Қўқон шаҳридаги Худоёрхон саройи, “Буюк алломалар” музейида бўлдилар. Таассуротларга бой ўтган экскурсиядан сўнг меҳмонларга Қўқон шаҳрининг санъат вакиллари томонидан тайёрланган концерт дастури намойиш қилинди.
Шунингдек, “Ғурумсарой” дала-ўқув марказида меҳмонларнинг кўнгилли дам олишларини таъминлаш, икки давлат ҳарбийлари ўртасида дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида ҳар оқшом бадиий кечалар ташкил этилмоқда.