Ўзбекистон | 19:33 / 17.09.2019
4494
2 дақиқада ўқилади

Тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари экспортини молиялаштириш учун 100 млн доллар кредит жалб қилиш кўзда тутилмоқда 

Ўзбекистон президентининг енгил саноатни янада ривожлантириш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори билан 2019-2020 йилларда енгил саноатнинг тўқимачилик, тикув-трикотаж, чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини қўллаб-қувватлаш ва жадал ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

“Йўл харитаси”да белгиланишича, Вазирлар Маҳкамасига истисносиз барча пахта тозалаш заводларида пахта толасини мажбурий давлат автоматлаштирилган ҳисобга олиш ва маркировкалаш тизимини жорий этиш, бунда бошланғич босқичларда пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришлари ва кластерларида пахта тозалаш заводлари ва тайёрлов масканларида пахта хомашёсини қабул қилишни ҳисобга олиш ва мониторинг қилиш тизимини жорий этиш бўйича таклифлар киритилади. 

Салоҳиятли хорижий харидорлар ва инвесторларни таклиф этган ҳолда “Uzcharmexpo” 11-Халқаро кўргазмаси ўтказилади.    

Машҳур халқаро тўқимачилик, тикув-трикотаж, чарм- пойабзал ва мўйначилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни, жумладан франчайзинг шартномалари асосида жалб қилиш бўйича музокаралар олиб бориш режалаштирилган.    

Шунингдек, йирик харидорлар буюртмалари асосида жозибадор шартларда етказиб бериладиган тайёр тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини экспорт олди мақсадли молиялаштириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий банклардан камида 100 млн АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағларини жалб қилиш кўзда тутилган.    

Тўқимачилик, тикув-трикотаж. чарм-пойабзал ва мўйначилик маҳсулотлари маҳаллий ишлаб чиқарувчиларининг онлайн маълумотлар базаси яратилади.    

Илғор хорижий компанияларни жалб этган ҳолда тўқимачилик, тикув-трикотаж, чарм-пойабзал ва мўйначилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган илғор технологияларни қўллаш бўйича кўникма ва малака ошириш марказларини ташкил этиш режалаштирилган.

Мавзуга оид