«Оила» маркази: яраштирув комиссиялари фаолияти талабга жавоб бермайди
«Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан ўз-ўзини бошқариш органлари ҳузуридаги яраштириш комиссиялари фаолияти таҳлилига бағишланган тақдимот анжумани ўтказилди. Анжуманда маълум қилинишича, ўтказилган ўрганишлар хулосасига кўра, яраштирув комиссияларининг фаолияти талабга жавоб бермайди.
Оилалардаги низоларни ҳал қилиш билан шуғулланувчи яраштириш комиссияларининг фаолият самарадорлигини баҳолаш мақсадида «Оила» маркази мутахассислари томонидан аҳоли зич жойлашган Андижон вилоятининг учта туманида ҳамда Фарғона вилоятининг учта туманида ижтимоий сўровлар, мониторинг ўтказилди. Мониторинг хулосаларига кўра, яраштирув комиссиялари фаолиятида бир қатор камчиликлар мавжуд.
«Оила» маркази мутахассиси Инобат Каримованинг сўзларига кўра, яраштирув комиссиялари фаолияти жамоатчилик асосида бўлгани унинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Яраштириш жараёнларини ўтказиш учун ҳеч қандай регламент белгиланмаган. Комиссия тегишли тайёргарлиги бўлмаган кенг доирадаги шахсларни жамоатчилик асосида яраштириш жараёнларига жалб этмоқда. Оилавий низони ўрганиш ёки яраштириш жараёнида комиссия аъзоларининг оила билан ишлаш этика қоидалари аниқ белгиланмаган.
«Ўрганишлар натижасига кўра, комиссиялар ишида иштирок этаётганларнинг 68,7 фоизи яраштириш комиссиясида ишлаш учун ҳеч қандай тайёргарликдан ўтмаган. 61,9 фоизи махсус методик қўлланмаларга эга эмас. Комиссия аъзоларининг 20 фоизи оилаларни яраштириш бўйича керакли билим ва кўникмаларга эга эмас. Аъзоларнинг 23 фоизи комиссиянинг яраштириш жараёнларида фаол иштирок этмайди, 2,2 фоизи умуман қатнашмайди. Комиссия ишида фаол қатнашмаганларнинг 33,3 фоизи вақти йўқлигини рўкач қилган», ─ дейилади мониторинг хулосасида.
«Яраштириш комиссияси аъзолари комиссия фаолияти ҳақидаги Низом нормалари ҳақида етарлича тушунчага эга эмас. Комиссия аъзолари ўртасида вазифалар аниқ тақсимланмаган. Комиссиянинг яраштириш жараёни натижаларининг тизимли мониторинги йўлга қўйилмаган», ─ дейди Инобат Каримова.
Маълум қилинишича, комиссиялар фаолиятини яхшилаш, мувофиқлаштириш мақсадида «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилган. Хусусан, яраштириш комиссияси ҳақидаги Низомни қайта кўриб чиқиш ҳамда «Медиация тўғрисида»ги қонунга боғлаган ҳолда такомиллаштириш, «Оилани сақлаб қолишга ёки можаро ва низолар ечимига йўналтирилган медиация» бўйича методик қўлланма ишлаб чиқиш, «Оила» маркази махсус ўқув курси базасида яраштириш комиссияси аъзоларининг янгича ёндашув асосида малака оширишини ташкил этиш таклиф қилинмоқда.
Мавзуга оид
14:55 / 14.02.2020
Дилором Тошмуҳаммедова «Оила» маркази директори лавозимидан озод қилинди
10:15 / 26.01.2020
Ижтимоий сўровнома: Ёшлар ўз ҳуқуқини қай даражада билади?
15:40 / 23.01.2020
Дилором Тошмуҳаммедова: «Ўзбекистондаги болаларнинг 10 фоизи виртуал олам таъсирига ҳаддан ортиқ берилган»
19:18 / 05.12.2019