Ўзбекистон | 14:55 / 14.02.2020
43623
2 дақиқада ўқилади

Дилором Тошмуҳаммедова «Оила» маркази директори лавозимидан озод қилинди

2018 йилнинг сентябрь ойидан буён «Оила» илмий-амалий тадқиқот марказига директорлик қилиб келган Дилором Тошмуҳаммедова ўз лавозимидан озод қилинди.

Фото: KUN.UZ

14 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги тегишли қарори қабул қилинди.

«Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5325-сонли фармонига мувофиқ ташкил этилган. 

2018 йилнинг сентябрь ойида Дилором Тошмуҳаммедова ушбу марказ директорига айланганди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП матбуот хизмати хабарига кўра, Дилором Тошмуҳаммедова энди доимий асосда ишловчи сенаторга айланади

Билдирилишича, Дилором Тошмуҳаммедова бундан буён доимий асосда ишловчи сенатор сифатида Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари сифатида фаолиятини давом эттириши кутилмоқда.

Д. Тошмуҳаммедова 2020 йил 17 январь куни бўлиб ўтган Халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман Кенгаши депутатларининг қўшма мажлисида сенатор этиб тайинланган эди.

Эслатиб ўтамиз, Дилором Тошмуҳамедова Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери бўлган. Маълумоти бўйича шифокор. 1984 йилда Тошкент Давлат тиббиёт институтини ва 2003 йилда Давлат ва жамият қурилиши академиясини тугатган.

Мавзуга оид