Ҳуқуқингиз бузилди. Бундай вазиятда қандай хатти-ҳаракатларни амалга оширишни, кимга мурожаат қилишни билмай бошингиз қотади. Ўзингиз учун керакли ҳужжатларни тайёрладингиз, бир неча ташкилотларга арз қилдингиз. Масъул ташкилотлар масалани ўрганиб чиқди ва ишингизни судга оширишди. Судда сизнинг ҳуқуқларингиз бузилгани маълум бўлди. Бироқ бузилган ҳуқуқларингиз тиклаб берилмади. Чунки айни даъво предмети бўйича судга мурожаат қилиш учун қонун билан белгиланган муддат ўтиб кетган. Ана холос! Қонун бузилиши бор, буни ҳатто суд ҳам тан олмоқда, бироқ даъво муддати ўтказиб юборилгани ўлароқ бузилган ҳуқуқларингиз тикланмасдан қолсая...

Даъво муддати нима ва унинг муддатлари қанча?

Ўзбекистон Республикаси фуқаролик кодексининг 149-моддасига кўра, даъво муддати - шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир.

Қонунчиликка кўра, умумий даъво муддати – 3 йил. Бироқ айрим ҳолларда махсус даъво муддатлари қўлланади. Махсус даъво муддатлари тегишли соҳанинг хусусияти ва тартиб-таомилларидан келиб чиқиб турлича белгиланади.

Қуйида махсус даъво муддатларининг айримларига тўхталиб ўтишни лозим топдик.

Меҳнат муносабатларида даъво муддатлари

Судга ёки меҳнат низолари комиссиясига мурожаат этиш учун қуйидаги муддатлар белгиланади:

ишга тиклаш низолари бўйича - ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилингани ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой;

ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарни тўлаш ҳақидаги низолар бўйича эса - зарар етказилгани иш берувчига маълум бўлган кундан бошлаб бир йил;

бошқа меҳнат низолари бўйича - ходим ўз ҳуқуқи бузилганини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб уч ой.

Ушбу моддада белгиланган муддатлар узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, бу муддатлар суд ёки меҳнат низолари комиссияси томонидан қайта тикланиши мумкин.

Ходимнинг соғлиғига етказилган зарарни қоплашга доир низолар бўйича судга мурожаат қилиш учун муддат белгиланмайди.

 

Амалиётда учрайдиган энг кўп муаммолардан бири ишга тиклашга оид низолар бўйича судга ариза киритишда даъво муддатларига риоя этилмаганидан келиб чиқади. Аксарият ҳолларда меҳнат шартномаси бекор қилинишини ғайриқонуний деб ҳисобловчи ходимлар шикоят билан касаба уюшмалари, меҳнат ёки прокуратура органларига мурожаат қилишади. Ушбу органларда мурожаатларнинг ўрганилиши даъво муддатини тўхтатиб турмаслиги кўп холларда ходимнинг зарарига ишлайди ва кейинчалик судга киритган даъвоси рад этилишига сабаб бўлади.