Ўзбекистон Республикаси бош қомусига назар ташлайдиган бўлсак, унинг 113-моддасида ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилиши, ишларни ёпиқ мажлисда тинглашга қонунда белгиланган ҳоллардагина йўл қўйилиши ҳақида белгилаб қўйилган. Қонунда белгиланган ҳоллар қайсилар?
Жиноят процессуал кодексининг (ЖПК) 19-моддасида суд раиси ишни ёпиқ кўришда қайси процессуал ҳаракатларни амалга ошириши кераклиги тушунтирилган. Ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш барча процессуал қоидаларга риоя қилган ҳолда амалга оширилади. Бу ҳақда ажрим чиқарилади. Ишни ёпиқ мажлисда кўриш тўғрисидаги суднинг ажрими буткул муҳокамага нисбатан ёки унинг алоҳида қисмларига нисбатан чиқарилиши мумкин. Бу ажрим суд мажлисига йиғилганларга тааллуқли бўлиб, жиноят процесси иштирокчиларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Яъни, суд иши ёпиқ кўрилишига маълум талаблар қўйилган. Мазкур талаблар бажарилгач, суд иш ёпиқ кўрилиши бўйича ажрим чиқаради, унда сабаблари кўрсатилади ва бу фақатгина суд мажлисига йиғилганларга татбиқ этилади.
Процесс иштирокчилари судга илтимоснома киритиши натижасида (асослантирилган), одатда жинсий эркинликка қарши жиноятлар (номусга тегиш, жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш, бесоқолбозлик, аёлни жинсий алоқа қилишга мажбур этиш), фарзандликка олиш билан боғлиқ ишлар, давлат сири билан боғлиқ ва бошқа ишлар ёпиқ суд мажлисида кўрилади.
ЖПКнинг 19-моддасида ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг жиноятлари тўғрисидаги ишларни, шунингдек фуқароларнинг шахсий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни ёки уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган маълумотларни ошкор қилмаслик мақсадида ҳамда жабрланувчининг, гувоҳнинг ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг, худди шунингдек улар оила аъзоларининг ёки яқин қариндошларининг хавфсизлигини таъминлаш тақозо этилган ҳолларда бошқа ишларни суд ажрими билан ёпиқ суд мажлисида кўришга йўл қўйилиши айтилган.
Мазкур кодексда барча судларда жиноят ишлари ошкора кўрилиши, бундан давлат сирларини қўриқлаш манфаатларига зид келадиган ҳоллар, шунингдек жинсий жиноятлар тўғрисидаги ишлар кўрилаётган ҳоллар мустаснолиги белгиланган.
Давлат сирини нималар ташкил қилади? Бу бўйича «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида»ги қонунда тушунтириб қўйилган.
Давлат томонидан қўриқланадиган ва махсус рўйхатлар билан чегаралаб қўйиладиган алоҳида аҳамиятли, мутлақо махфий ва махфий-ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий ва бошқа маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг давлат сирлари ҳисобланади.
Давлат сирлари Ўзбекистон Республикасининг мулкидир.
Ўзбекистон Республикасининг давлат сирлари – давлат, ҳарбий ва хизмат сирларини қамраб олади.







