Жамият | 21:30 / 19.09.2019
8033
4 дақиқада ўқилади

Иштихон МТПнинг хатланган ер участкаси 2 гектарга камайгани ҳолати бўйича тўпланган ҳужжатлар прокуратурага жўнатилди — МИБ

17 сентябрь куни Kun.uz cайтида «Иштихон машина-трактор паркини онлайн аукционда ютиб олган ғолиб у ерга кира олмасдан сарсон бўлмоқда» сарлавҳаси остида онлайн аукционда ғолиб бўлган фуқаро С.Қодировнинг ишончли вакили Шерзод Газиевнинг мурожаати юзасидан суриштирув эълон қилинган эди.

Ушбу мақолага жавобан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросидан таҳририятимизга маълумотнома тақдим этди.

«Аниқланишича, Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг 29.10.2018 йилдаги ижро ҳужжатига асосан қарздор «Кейс-А» МЧЖдан ундирувчи «Туронбанк» АТБ фойдасига жами 3 млрд. 254 млн. 961 минг сўм ва олдиндан тўланган 20 000 сўм почта харажати ундириш белгиланган.

Жумладан, суд қарорига асосан ундирув қарздорнинг «Кейс-А» МЧЖнинг пул маблағлари билан бирга:

  • гаровга қўйилган «Иштихон МТП»нинг бино иншоотлари;
  • гаровга қўйилган «Булунғур МТП»нинг бино иншоотлари;
  • кредит маблағи эвазига сотиб олинган 6 дона «Доминатор-130» русумли ғалла ўриш комбайнлари — «Самарқанд вилоят Агросервис МТП» МЧЖнинг 3 млрд. 745 млн. сўмлик кафиллик шартномаси бўйича пул маблағларига қаратиш кўрсатиб ўтилган.

Ушбу ижро ҳужжати Бюронинг Самарқанд шаҳар бўлими иш юритувига 07.11.2018 йилда келиб тушган ва шу куни ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Ижро ҳужжати юзасидан амалга оширилган мажбурий ҳаракатлари давомида 10.11.2018 йилда қўшимча қарздор «Самарқанд вилоят Агросервис МТП» МЧЖга тегишли бўлган яъни, Иштихон шаҳар, Иштихон кўчаси, 84-уйда жойлашган «Иштихон МТП»нинг бино ва иншоотлари хатланиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 233-моддаси талаблари тушунтирилган ҳолда «Иштихон Агросервис МТП ЭСМ» МЧЖ раҳбари Н.Шакаровга сақлаш учун топширилган ва хатланган мол-мулкдан фойдаланишга оид чеклов қўйилмаган.

Бундан ташқари, 05.04.2019 йилда ундирувчи АТБ «Туронбанк»нинг ижро ҳужжатини ижро қилмасдан қайтариб бериш тўғрисидаги мурожаатига асосан ижро ҳужжати 05.04.2019 йилда Ўзбекистон Республикаси «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуни 40-моддаси биринчи қисми 1-бандига асосан тамомланиб, ижро ҳужжатининг асл нусхаси ундирувчига қайтарилган.

Кейинчалик, 12.06.2019 йилда АТБ «Туронбанк» томонидан 12.06.2019 йилда қарздор кредит қарздорлиги тўланмагани сабаби, ижро ҳаракатларини давом эттириш ҳақидаги мурожаати бўйича ихтиёрий муддатда тўловлар амалга оширилмагани сабабли, гаровга қўйилган «Самарқанд вилоят Агросервис МТП» МЧЖга тегишли бўлган «Иштихон МТП»нинг бино ва иншоотлари хатланган ҳамда бошланғич баҳоси 1 млрд 202 млн. 600 минг сўм нархда 16.07.2019 йилда электрон-онлайн савдога чиқарилган.

Аукцион натижасига кўра бино-иншоот 20.08.2019 йилда ғолиб С.Қодировга жами 1 млрд. 539 млн. 328 минг сўмга сотилган.

Бироқ, қарздор томонидан суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан кассация шикояти келтирилгани сабабли, Самарқанд вилоят иқтисодий судининг 09.09.2019 йилдаги ажримига асосан ижро ҳаракатлари вақтинча тўхтатилган.

Давлат ижрочиси томонидан мазкур бино-иншоотлар мутахассис иштирокида 23.07.2019 йилда кўздан кечирилган, кўздан кечириш амалга ошириш жараёнида бино-иншоотнинг ҳолати ёки умумий ер майдонини камайгани бўйича фикр билдирилмаган.

Сотувга чиқарилган бино-иншоот ер участкасининг умумий майдонидан 2 га камайгани ҳолати бўйича тўпланган ҳужжатлар 17.09.2019 йилда Иштихон туман прокуратурасига қонуний қарор қабул қилиш учун юборилган», дейилади МИБнинг таҳририятимизга юборган маълумотида.

Мавзуга оид