Спорт | 22:10 / 21.09.2019
83815
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон жаҳон чемпионатида биринчи ўринни эгаллади

Россиянинг Екатеринбург шаҳри мезбонлик қилган бокс бўйича жаҳон чемпионати якунига етди.

Кечанинг энг асосий жанги энг оғир вазн тоифасида (+91 кг) финалга чиққан ўзбекистонлик Баҳодир Жалолов ва қозоғистонлик Қамшибек Қонқабаев ўртасида кечди.

Жанг якунида ҳакамлар бир овоздан ўзбекистонлик боксчи ғалабасини эълон қилишди ва Жалолов жаҳон чемпионатларидаги илк олтин медалини қўлга киритди.

Бундан ташқари, Жалолов ўзининг азалий рақиби билан ўзаро ҳисоб-китоб бўйича олдинга чиқиб олди. Бунгача мазкур боксчилар ўзаро 4 марта тўқнаш келишган ва ҳисоб 2:2 кўринишида турган эди.

Баҳодир Жалолов турнирдаги иштирокини нимчорак финалда бошлаган ва дастлабки жангда украиналик Цонте Рогавани мағлуб этганди. У чорак финалда америкалик Ричард Торресни нокаутга учратди, ярим финалда россиялик Максим Бабанинга имконият қолдирмасдан финалга чиққанди.

Мусобақада жаҳоннинг 79 мамлакатидан 362 нафар спортчи совринли ўринлар учун кураш олиб борди. Улар қаторида ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари ҳам 8та вазн тоифасида баҳсларда иштирок этишди. Ўзбекистон терма жамоаси сафида Шаҳобиддин Зоиров (-52 кг), Миразизбек Мирзахалилов (-57 кг) ва Баҳодир Жалолов (+91 кг) олтин медални қўлга киритди. Дилшодбек Рўзметов (-81 кг) финалгача етиб борди ва кумуш медалга сазовор бўлди. Бобоусмон Батуров (-69 кг) эса бронза медали билан кифояланди. 

Шу тариқа, Ўзбекистон бокс терма жамоаси турнирда 3та олтин, битта кумуш ва битта бронза медал олиб, турнирни биринчи ўринда якунлади. 

Мезбон Россия терма жамоаси эса 3та олтин ва 1та бронза медаль билан иккинчи поғонадан ўрин олди. Қозоғистон (1та олтин, 1та кумуш ва 4та бронза) кучли учликни якунлаб берди.

Кейинги ўринларни Куба (1та олтин, 1та кумуш ва 1та бронза) ва Англия терма жамоалари (1та кумуш, 2та бронза) банд этишди.

Қайд этиш керакки, бу турнирда Ўзбекистон бокс терма жамоаси жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг яхши натижасини қайд этди. Ўзбекистонлик боксчилар 2017 йили Ҳамбургда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 1та олтин, 2та кумуш ва 1та бронза олишганди. Тарихдаги энг яхши натижа эса 1999 йилги жаҳон чемпионатида қайд этилган, ўшанда АҚШнинг Ҳюстон шаҳри мезбонлик қилган турнирда Муҳаммадқодир Абдуллаев ва Ўткир Ҳайдаров олтин медалларни қўлга киритишганди, шунингдек Тўлқинбой Турғунов кумуш медал олганди.

Олтин медаль:
-52 кг: Шаҳобиддин Зоиров
-57 кг: Миразиз Мирзаҳалилов
+91 кг: Баҳодир Жалолов

Кумуш медаль:
-81 кг: Дилшодбек Рўзметов

Бронза медаль:
-69 кг: Бобоусмон Батуров

Мавзуга оид