Жамият | 11:05 / 21.09.2019
3829
3 дақиқада ўқилади

Осиё-Тинч океани технологиялар трансфери марказининг Ўзбекистондаги расмий вакили тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази директори Шаҳобиддин Шарифов Осиё-Тинч океани технологиялар трансфери марказининг Ўзбекистондаги расмий вакили этиб тайинланди.

Осиё-Тинч океани технологиялар трансфери маркази (ОТТТМ) – БМТнинг Осиё ва Тинч океани иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ЭСКАТО)нинг ҳудудий муассасаси бўлиб, Осиё ва Тинч океанидаги давлатларнинг кичик ва ўрта бизнес корхоналарига технологиялар трансфери билан шуғулланади. Шунингдек, технологиялар трансфери билан боғлиқ турли хил лойиҳаларни амалга оширади, шу соҳа билан боғлиқ таълим, ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, инсон ресурсларини ривожлантириш, институционал қурилиш каби қатор вазифаларни бажаради.

ОТТТМнинг мақсади ҳудуднинг технологиялар трансфери имкониятларини мустаҳкамлаш, ҳамкор давлатларга экологик тоза технологиялар киришини рағбатлантиришдир.

Мазкур нуфузли ташкилотга дунёнинг 62 давлати аъзо бўлиб, марказ бош идораси Ҳиндистоннинг Нью-Дели шаҳрида жойлашган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистоннинг Гандинагар шаҳрида бўлиб ўтган “Жўшқин Гужарат – 2019” IX халқаро инвестиция саммитида иштирокидан сўнг ҳамкор мамлакатлар ўртасида ўзаро тажриба, технология алмашиш, янги ҳамкорлар ва инвестицияларни жалб этишнинг янги йўлларини топиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Осиё-Тинч океани технологиялар трансфери марказида Ўзбекистон миллий мувофиқлаштирувчи органининг ташкил этилиши технологиялар трансферидаги тенденциялар, шарт-шароитлар, имкониятларни тадқиқ ва таҳлил этиш, халқаро ташкилотлар ва манфаатдор томонлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, соҳага миллий кадрлар, айниқса илмий ходимлар ва сиёсий таҳлилчиларни тайёрлаш учун замин яратади.

Ушбу марказ фаолиятини юртимиз жамоатчилигига тақдим этиш мақсадида “InnoWeek.Uz” инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида 2019 йилнинг 30-31 октябрь кунлари БМТ ҳузуридаги Осиё-Тинч океани иқтисодий ва ижтимоий комиссиясининг Осиё-Тинч океани технологиялар трансфери маркази билан ҳамкорликда “Innovation and Technology Transfer — Role of Intellectual Property” (“Инновациялар ва технологиялар трансферида интеллектуал мулкнинг аҳамияти”) мавзусида ОТТТМнинг минтақавий семинари ўтказилади.

Мавзуга оид