Ўзбекистон | 12:04 / 21.09.2019
3418
3 дақиқада ўқилади

Сирдарё вилоятида фаолият кўрсатмаётган кичик бизнес корхоналарининг сони ошган

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

2019 йил 18 сентябрь куни халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати.

Сессияда Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар ва бошқа мутасадди идоралар вакилларидан иборат таркибда тузилган ишчи гуруҳи томонидан вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш натижалари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Сессия ишида таъкидланганидек, ҳудудда вилоятда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларни бугунги давр ислоҳотлари шиддати, тобора ошиб бораётган халқ эҳтиёжлари ва ҳудудларнинг иқтисодий рақобати шароитида етарли деб бўлмайди. Шундан келиб чиқиб, сессияда айни соҳада амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, ҳанузгача ўз ечимини кутаётган масалалар, мавжуд муаммолар хусусида сўз юритилди.

Хусусан, вилоятда кичик бизнес субъектларининг олдида турган тўсиқ ва ғовларни бартараф этишга, улар билан яқиндан мулоқот ўрнатиб, мавжуд муаммоларини ҳал этишга етарли эътибор қаратилмаётгани оқибатида фаолият кўрсатмаётган кичик бизнес корхоналарининг сони ўтган йилнинг ушбу даврига нисбатан 788 тага ёки 7,4 фоизга ошган. Бундай тадбиркорлик субъектлари (юридик шахслар) Гулистон шаҳри ва Гулистон тумани, Сирдарё, Мирзаобод, Сайхунобод туманларида юқорилигича қолмоқда.

Сессияда айрим тадбиркорлик субъектлари яширин равишда фаолият кўрсатишига тўғри келаётгани ҳам танқид остига олинди.

Бугунги кунда аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқаролар учун доимий даромад манбаларини яратиш долзарб вазифалардан саналмоқда. Ҳудудларни ижтимоий ривожлантириш дастурлари доирасида 18,6 трлн. сўмлик 349 та лойиҳа ишлаб чиқилиб, 23 851 янги иш ўрни яратилиши белгиланган эди. Бугунги кунга қадар вилоятда 978,8 млрд. сўмлик 122 та лойиҳа ишга туширилиб, 1 073 та янги иш ўринлари яратилган, холос. Тадбирда бу борадаги сусткашликлар сабабларини чуқур таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш вазифаси қўйилди.

Сессияда экспорт салоҳиятини ошириш кўп жиҳатдан эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятига боғлиқлиги таъкидланган ҳолда, вилоятда кичик саноат зоналарида лойиҳаларни тўлиқ ишга тушириш борасида айрим муаммолар сақланиб қолаётгани қайд этилди. Мавжуд эркин иқтисодий зоналар ҳамда кичик саноат зоналаридаги инфратузилмани яхшилаш, у ердаги имкониятларни янада кенгайтиришга эътиборни кучайтириш лозимлиги қайд этилди.

Мавзуга оид