Қозоғистонда Хитой экспансиясига қарши намойиш ўтказилди. Ўнлаб кишилар қўлга олинди
Қозоғистоннинг иккита йирик шаҳрида одамлар «Хитойнинг иқтисодий экспансияси»ни тўхтатишни талаб қилиб кўчаларга чиқишди. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, полиция 57 кишини қўлга олган.
Қўшни давлат Хитой - Қозоғистоннинг асосий савдо шерикларидан бири ҳисобланади, инвестициялар улуши бўйича ҳам хитойликлар етакчи, аммо ушбу давлатнинг айрим заводларини Қозоғистонга кўчириш бўйича режаси қозоғистонликларнинг норозиликларига сабаб бўлган.
Намойиш иштирокчиларидан бири Франс пресс мухбирига берган интервьюсида ҳукуматни маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш ўрнига хитойлик инвесторларга устунликлар бераётгани учун танқид қилган. Рейтер журналисти Нур-Султон шаҳрида полиция қозоқчада «Хитой экспансиясини тўхтатинг» деб ёзилган плакат кўтарган шахсни қўлга олганига эътибор қаратган.
Бундан аввалроқ айни вақтда Францияда истиқомат қилаётган қувғиндаги банкир ва миллиардер Мухтор Аблязов қозоғистонликларни намойиш уюштиришга чорлаганди. Аблязов қозоқ мухолифатидаги муҳим фигуралардан бири ҳисобланади, у Қозоғистонни 2009 йилда тарк этганди.
2017 йилда Олмаота туманлараро махсус суди Аблязовни жиноий уюшма тузиш ва «БТА Банк» маблағларини ўғирлашда айбдор деб топган, у мол-мулки мусодара қилиниб, 20 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Суд узоқ йиллардан буён хорижда яшаётган Аблязов иштирокисиз ўтган. Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий бюронинг маълумотларига кўра, унинг давлатга етказган зарари 7,5 миллиард доллардан ортиқроқни ташкил этади.
«Бир неча марта прокуратура томонидан огоҳлантириш бўлганига қарамасдан, айрим фуқаролар тақиқланган экстремистик ташкилот чақириқларига учишди», дейилади Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги маълумотида. Бу орқали Аблязов томонидан тузилган, мамлакатда тақиқланган «Қозоғистон демократик сайлови»ҳаракати назарда тутилган.
Шанба кунги митинг ҳукумат рухсатисиз ўтказилди, аммо ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига кўра, Қозоғистонда митингларга рухсат олиш деярли имконсиз иш: ҳукуматда рад қилишнинг турли сабаблари топилади.
Шу ҳафтада Олмаота ва Нур-Султон шаҳарларида 4-5 сентябрь куни ўтказилган намойишларда иштирок этгани учун бир қанча фуқаролар 10-15 кунлик муддатларга қамалди. Ўшанда ҳам намойишчилар Хитойнинг Қозоғистондаги лойиҳаларига қаршилик қилиб чиқишганди.
Мавзуга оид
21:23 / 13.11.2024
Дунёдаги зарарли чиқиндиларнинг бор-йўғи 1 фоизи Марказий Осиё мамлакатларига тўғри келади – Тўқаев
15:30 / 13.11.2024
Қозоғистонга йўлбарслар қайтарилмоқда. Улар бундан 70 йил аввал йўқолиб кетганди
09:40 / 12.11.2024
«Фориш» полигонида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбий машғулотлари бошланди
20:54 / 11.11.2024