Уй-жойга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларини саралаб олиш тартиби лойиҳаси эълон қилинди
«Уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига кўп квартирали уйлардан хонадонлар ажратиш ҳамда ипотека кредитлари олиш ҳуқуқига эга талабгорларни саралаб олиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Ҳужжат президентнинг 20 августдаги фармонига асосан ишлаб чиқилган. Бу фармонда уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёжманд меҳнат мигрантларига 2020 йилда давлат буюртмаси асосида қуриладиган кўп квартирали уйлардан 3 462 та хонадон ажратилиши белгиланган эди.
Ушбу хонадонлар учун ипотека кредити олиш истагида бўлганлар «labor migration» дастурий мажмуасида рўйхатдан ўтган бўлиши керак. Бу дастур 1 октябрга қадар жорий этилади.
Лойиҳага асосан, уй-жойга талабгор мигрантларни танлаб олиш қуйидаги ижтимоий мезонлар асосида амалга оширилади:
а) ариза берувчида мулк ҳуқуқи асосида турар жойнинг йўқлиги ва турар-жойда ижара шартларида ёки яшаш учун яроқсиз турар жойда яшаши;
б) бошқа оила (оилалар) билан бир уйда (бир хонадонда) яшаши;
в) кўп болалилик (уч ва ундан ортиқ);
г) ариза берувчи оиласининг даромади;
д) ижтимоий хусусиятига кўра алоҳида хонада яшаши керак бўлган (сил, тери-таносил касалликларининг оғир кўриниши, қандли диабетнинг йирингли яллиғланиши, псориаз) бемор оила аъзолар (туман тиббиёт бирлашмасининг хулосаси ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи маълумотномаси асосида);
е) ариза берувчининг оила аъзолари орасида биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг мавжудлиги;
ж) ариза берувчи уй-жой майдонининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган (бир шахс учун умумий уй-жой майдони 16 кв. метрдан кам бўлмаган, курси-коляскадаги ногиронлар учун 23 кв. метрдан кам бўлмаган) уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига мувофиқ эмаслиги;
з) ёлғиз ўзи икки ва ундан ортиқ вояга етмаган фарзандларни тарбиялаётганлар (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи маълумотномаси асосида).
Ариза берувчиларнинг уй-жойга муҳтожлиги даражаси тегишли комиссия томонидан қўйиладиган баллардан келиб чиқиб аниқланади ва ёзма тавсия биринчи навбатда энг юқори балл тўплаган талабгорларга берилади.
Ёзма тавсия бериш рад этилган тақдирда, комиссия рад этишнинг аниқ сабабларини кўрсатган ҳолда ариза берувчига ёзма хабарнома юборади. Шунингдек, ариза берувчига рад этилишининг сабабларини бартараф этиш учун муҳлат берилади, бу муҳлат 5 иш кунидан кам бўлмаслиги керак.
Ариза қуйидаги ҳолларда рад этилади:
а) топширилган ҳужжатларнинг тўлиқ эмаслиги;
б) ҳужжатлар кечикиб топширилиши;
в) тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки нотўғри маълумотларнинг мавжудлиги;
г) ариза берувчининг юқорида кўрсатилган ижтимоий мезонларга мувофиқлиги ўрганилганида унда уй-жой шароитларини яхшилашга эҳтиёж йўқлиги аниқланганида.
Ипотека кредитлари бўйича имтиёзли давр – 1 йил этиб белгиланиши таклиф қилинган.
Бунда ипотека кредитдан фойдаланишнинг биринчи 5 йили давомида ҳар йили фоиз ставкасини қатъий белгиланган 7 фоиздан Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси даражасигача босқичма-босқич ошиб борадиган ставкада ва кейинги даврда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасида белгиланади.
Кредит фоизларини ҳисоблаш аннуитет формуласи бўйича амалга оширилади (яъни ҳар ойлик барча тўловлар кредит тўлашнинг бутун даврида бир хил бўлади).
Квартира учун бошланғич тўлов миқдори –
а) қишлоқларда тўрт қаватли арзон кўп квартирали (2 ва 3 хонали) уйлардаги хонадонлар учун — 10 фоиз миқдорида;
б) шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлардаги хонадонлар учун – ўртача 15 фоиз миқдорида белгиланиши кутиляпти.
Қарор лойиҳаси муҳокамаси 7 октябрга қадар давом этади.
Мавзуга оид
10:46 / 05.11.2021
878та ҳужжат лойиҳасининг ҳар тўрттадан биттасида камчиликлар аниқланди - Адлия вазирлиги
14:03 / 23.04.2021
Айрим вазирликлар қонунларни ишлаб чиқишда жамоатчилик муҳокамасидан фойдаланмасликка интилади — Русланбек Давлетов
14:27 / 09.11.2020
«Ўзини ўзи банд қилган шахслар» тушунчаси бўйича изоҳ берилди
20:44 / 20.02.2019