Ўзбекистон | 20:44 / 20.02.2019
7952
2 дақиқада ўқилади

Электрон тўлов ва пуллар тўғрисида ҳужжат лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасига киритилди –  манба

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон тўлов хизмати ва муносабатларини ривожлантириш, шунингдек, электрон пулларни бозор қоидалари асосида тартибга келтирувчи ҳужжат лойиҳалари Вазирлар Маҳкамасига киритилди. Бу ҳақда Kun.uz ахборот манбаси хабар бермоқда. 

Маълум қилинишича, ҳужжат лойиҳалари тегишли ва манфаатдор ташкилот, вазирликлар билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилган, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ташаббусни киритиш учун Вазирлар Маҳкамасига юборилган.  

Ўзбекистон Республикасида 2018-2020 йилларда рақамли банкингни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан келишилган ҳолда 2018 йил 8 августда тасдиқланганди.

«Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунида республикада ҳисоб-китобларнинг самарали тизимини ташкил этиш ва таъминлаш вазифаси Марказий банкка юклатилгани таъкидланади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида Марказий банк фаолиятининг стратегик мақсадли йўналишларидан бири сифатида тўлов тизими барқарорлиги ва унинг ривожланишини таъминлаш белгиланди.

2018 йил давомида Марказий банкнинг банклараро тўлов тизими орқали амалга оширилган операциялар суммаси 2017 йилга нисбатан 32 фоизга ортиб, 845,6 трлн. сўмни, ўз навбатида амалга оширилган операциялар сони эса 74,7 млн. тани ташкил қилди.​

Мавзуга оид