Жаҳон | 22:25 / 24.09.2019
47497
3 дақиқада ўқилади

Лондонда Нурсултон Назарбоевнинг набираси судланмоқда

Лондонда Қозоғистонинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг набираси Ойсултон Назарбоев устидан суд жараёни давом этмоқда.

Ойсултон Назарбоев Лондон марказидаги меҳмонхоналардан бирининг балконидан ўзини ташлаш билан таҳдид қилгандан 2 кун ўтиб полиция сержантини тишлаб олган. Бу ҳақда Dailymail нашри хабар берди.    

У мулкка зарар етказишда айбланмоқда ва гиёҳвандликдан даволанмоқчи. 

Маълум қилинишича, Ойсултон айбини тан олган. Унга жазо ҳукми 18 октябрда чиқарилади. 

Қораловчи Грегор Маккинли судда Ойсултон 3 июнда меҳмонхоналардан бирини бошига кўтариб, балконга чиқиб у ердан сакраш билан таҳдид қилганини айтган.

2 кун ўтиб у Тависток кўчасидаги квартирада ушланган. Ойсултон билан квартирада унга таниш бўлмаганини таъкидлаган аёл ҳам бўлган. Ойсултон яна балконга чиқиб, ўзини ташлаш билан таҳдид қилган.

Прокурорнинг айтишича, квартирага келган полициячилар Назарбоевни ўғри деб ўйлашган. Тергов версиясига кўра, у констебл Росс Самбрукга ташланиб, унга мушт тушириб, қўлини тишлаб олган. Натижада полициячининг қўлидан анчагина қон кетган ва Ойсултонга қарши электрошокер қўллаган.

Назарбоевнинг набираси адвокати Алисдэр Уильямсон судга Қозоғистон ҳукумати тергов билан ҳамкорлик қилаётгани ва Ойсултонга Британия мутасадди идоралари унинг паспортини мусодара қилгандан кейин янги паспорт берилмаслигини айтган.

Адвокат судланувчини гаров пули эвазига қўйиб юборишни таклиф қилган, бироқ судья Мартин Беддой таклифни рад этган.

“Фикримча, бу вазият гиёҳванд модда сабабли юз берганига асос бор. Айбланувчининг ўша вақтдаги аҳволи оғир бўлган. У А тоифадаги наркотикларни қабул қилиши сабабли катта муаммоларга учраган”, деб айтган судья. 

Бу орада Лондон суд идоралари тақдим қилган маълумотда Ойсултон тергов билан келишувга, жумладан полициячини тишлаб олишдаги айбини тан олишга рози бўлгани маълум бўлган. 

Ойсултоннинг дўстлари бу орада воқеанинг бошқа версиясини сўзлаб беришган.

Назарбоев набирасининг айтишича, воқеа юз берган куни унинг аёл таниши эшиги ёпилиб қолгани учун квартирага кира олмаган.

Ойсултон квартирага киришга бесамар уринишлардан кейин уйга балкон орқали киришни таклиф қилган. Бироқ қўшнилар Ойсултонни ўғри деб ўйлаб, полиция чақиртиришган. Ойсултонни “хитойлик мигрант” деб қабул қилган полициячилар ва у ўртасида низо чиққан. Полицияни тишлаш эса Ойсултон томонидан ўзини ҳимоя қилиш бўлган, чунки полиция уни орқасидан бўғган.

Ойсултонни яқиндан танийдиган одамларнинг маълум қилишича, у Қозоғистонга қайтиш учун тергов билан келишувга боришга ва унга қўйилган айбловларни тан олишга мажбур бўлган. Акс ҳолда тергов чўзилиб кетиши мумкин эди. 

29 ёшли Ойсултон Нурсултон Назарбоевнинг катта қизи Дариға Назарбоеванинг ўғли ҳисобланади.  

Мавзуга оид