2022 йил 10 август. Сенат Бахтиёр Исломовни Ўзбекистон Олий суди раиси этиб сайлади. Юқори мартабали амалдорнинг бу лавозимга келиши кўпларда “энди одил судловда яхши ўзгаришлар бўлади” деган умид уйғотган эди. Аммо ўтган қарийб 4 йил мобайнида судлар мустақиллиги ва одамларнинг одил судловга ишончини мустаҳкамлаш борасида айтарли иш қилинмагани аён бўлмоқда. Kun.uz Исломов даврида тизим қандай ишлагани ҳақида соҳа одамларининг фикрларини жамлади.

“Олий судгача бораман”

Ўзбекистон Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади. Қонунчиликка кўра, Олий суд ўз ваколатлари доирасида ишларни биринчи инстанция, апелляция ёки кассация ва тафтиш инстанцияси суди сифатида, шунингдек, янги очилган ҳолатлар бўйича кўриб чиқади. Шу боис судга иши тушган одам борки, суддан норози бўлса, “керак бўлса Олий судгача бораман”, дейди.

Ўша Олий судга эса раис раҳбарлик қилади.

2022 йил 10 августда Сенат Бахтиёр Исломовни Ўзбекистон Олий суди раиси этиб сайлади. Ортда қолган қарийб 4 йил давомида у адолат тарозиси палласини тенг тутиши лозим бўлган бу идора раислигини қанчалик уддалади? Суд ҳокимиятидаги муаммолар ечими доирасида ўзгаришлар қила билдими? Шу саволлар атрофида соҳа одамларининг фикрлари билан қизиқдик.

Қандай ваколатларга эга?

Аввало, Олий суд раиси лавозими ҳақида: бу бутун мамлакатда одил судловни амалга ошириш ва судлар мустақиллигини таъминлашда таъсирга эга бўлган лавозим ҳисобланади. Унинг ваколатлари “Судлар тўғрисида”ги қонунда аниқ белгилаб қўйилган.

Олий суд раиси ушбу идора фаолиятига ташкилий раҳбарликни амалга оширади.

Олий суд раисида ишни тафтиш тартибида кўриш зарурлиги ҳақидаги масалани ҳал этиш учун қонунда назарда тутилган тартибда суд ишларини талаб қилиб олиш, ишни тафтиш тартибида кўриш тўғрисида қонунда назарда тутилган тартибда протест киритиш, судларнинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ва қарорлари ижросини қонунда назарда тутилган тартибда тўхтатиб туриш, ишни бир суддан бошқа судга ўтказиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш ваколатлари бор.

Шунингдек, у Олий суд Пленуми ва Раёсатини чақиради ҳамда уларнинг мажлисларида раислик қилади. Ўз ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлаш, Олий суд аппаратининг ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузиш ёки бекор қилиш, Судялар олий кенгаши билан келишилган ҳолда судларнинг тузилмаларига бошқарув ходимларининг умумий сони доирасида ўзгартиришлар киритиш, буйруқлар ва фармойишлар қабул қилиш каби ваколатларга ҳам эга.