Ўзбекистон | 19:43 / 25.09.2019
9859
2 дақиқада ўқилади

Бизнес учун янги ҚҚС ставкасига ўтиш услуби ишлаб чиқилади

Ўзбекистон Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда янги ҚҚС ставкасига ўтиш услубини ишлаб чиқади. Бу ҳақда журналистларга молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов маълум қилди.

Бугун президент Шавкат Мирзиёев 1 октябрдан ҚҚС ставкасини 20 фоиздан 15 фоизга тушириш тўғрисидаги фармонни имзолади.

«Солиқ қўмитаси билан биргаликда солиқ тўловчиларга тушунтиришлар тайёрлаймиз. Буни амалга оширишнинг ягона услуби бўлади (ҳисоблаш – таҳр.)», деди Султонов.

«1 октябргача 20% ставкада сотиб олинган нарсалар мос равишда 20% бўйича ҳисобга олинади, сотувда эса 15% ставкада фойдаланилади. Октябрь ойида [бюджетга] келадиган даромад нормал кўринишга эга бўлади, ноябрда эса янги ставканинг самараси кўринади», дея қўшимча қилди у.

Молия вазирлигининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, жорий йил охиригача ҚҚС ставкаси пасайишидан давлат бюджетининг йўқотиши 1,5 трлн сўмдан ортиқроқни ташкил этади.

Аввалроқ молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов давлат йўқотишларни қандай тарзда қоплашни мўлжаллаётгани ҳақида маълум қилганди

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид