Иқтисодиёт | 16:11 / 20.08.2025
9171
3 дақиқада ўқилади

Солиқчилар аниқлаган хато-камчиликлар бўйича “амнистия” эълон қилинди

Солиқ органлари томонидан фаолиятида хато ва камчиликлар аниқланган 20 мингдан ортиқ тадбиркорга жазо қўлланмайдиган бўлди. Улар 1 ноябргача камчиликларни бартараф этиши керак. Фойда солиғидан аванс тўлаш мажбуриятини юзага келтирадиган йиллик айланма миқдори 2 баравар оширилиб, 20 млрд сўм деб белгиланади. АОСдан ҚҚСга ўтганлар фойда солиғидан 1 йилга озод бўлади, ҳисоботидаги хатолар кечирилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Солиқ текширувлари бўйича 20 мингдан зиёд тадбиркорларда аниқланган 16 триллион сўмлик хато ва камчиликлар учун жазо қўлланмайди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан учрашувда маълум қилди.

Давлат раҳбари бу камчиликлар минглаб бизнес вакилларининг тадбиркорлик рейтингидаги ўрнига салбий таъсир қилишини айтди.

“Шу боис бугун ўзига хос “амнистия” эълон қиламиз, ушбу текширишлар бўйича жазо қўлланмайди. Бунинг ўрнига 1 ноябргача тадбиркорларимизга барча хато ва камчиликларни ихтиёрий тўғирлаш имкони берилади.

Бир сўз билан айтганда, 1 ноябрдан бошлаб бизнес вакиллари тадбиркорлик рейтингини “тоза саҳифадан” бошлайди”, – деди президент.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, фойда солиғидан аванс тўлаш талаб қилинадиган чегара 2 бараварга оширилишини эълон қилди.

Амалдаги тартибга кўра, йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан ошган корхоналар фойда солиғи бўйича аванс тўлагани учун айланма маблағдан қийинчилик юзага келмоқда.

Шу боис, энди бу тартиб фақатгина йилига 20 миллиард сўмдан юқори айланма қиладиган корхоналар учун амал қилиши эълон қилинди.

Натижада 14 мингга яқин тадбиркор ихтиёрида қўшимча 1 триллион сўмлик айланма маблағ қолади.

“ҚҚСга ўтсам, ҳисоб-китоб қийинлашади, бухгалтер олишим керак, харажат ошади”, деган шубҳа ҳали кўпчиликда бор. Шу сабабли:

  • айланма солиқдан ҚҚСга ўтадиган корхоналар бир йил давомида фойда солиғи тўлашдан озод қилинади;
  • ҳисоботида хатолик бўлса ҳам, жарима қўлланмайди;
  • бухгалтерлар маошининг 5 млн сўмгача қисми 6 ойгача бундай корхона тўлаётган солиқдан чегириб ташланади.

Икки йил олдин айланмадан солиқ тўловчилар бухгалтериясини солиқчи юритадиган тизим қилинди. Бундай хизматлар кўлами кенгайтирилади: келгуси йилдан ер, мол-мулк, ижтимоий ва даромад солиқлари ҳисоботларини шакллантириш бўйича тадбиркорлар мажбурияти бекор қилинади. Ушбу ҳисоботларни солиқчиларнинг ўзи бепул тўлдириб беради. Тадбиркорлар эса 5 кунда ҳисоботга тузатиш киритиши мумкин бўлади.

Ҳисоботни кечиктиргани учун кичик ва йирик бизнес бир хил жарима тўлаяпти, энг ёмони – ҳар бир ҳисобот тури учун алоҳида-алоҳида жарима бор. Солиқ қўмитасига 1 ноябрдан бошлаб тақдим этилмаган ёки кечиктирилган солиқ ҳисоботлари нечта бўлишидан қатъи назар, ягона жарима қўллайдиган тизим яратиш топширилди. Бунда кичик бизнес учун жарималар миқдори 3 карра камайтирилади.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид