Жамият | 15:06 / 25.09.2019
27521
13 дақиқада ўқилади

«Қонунларингиз амалда ишламаяпти». Хоразмда корхонани банкротлик ёқасига олиб келишда сунъий схемалардан фойдаланилганмиди?

Таҳририятга Россия Федерацияси фуқароси Эгамберген Джаббаровдан мурожаат келиб тушди. Унда бундан бир неча йил авввал ўзига қарашли мулк айрим шахслар томонидан атайин банкротлик ёқасига олиб келиниб, бошқа бир ташкилотга ўтказиб берилгани ҳақида ёзилган. Мазкур мурожаат асосида журналистик суриштирув ўтказилди.

 

Хоразм вилоятида давлат улуши бўлган, техникаларни таъмирлайдиган «Хоразммахсустузатиш» очиқ акциядорлик жамияти бўлган. 2007 йилнинг 21 июнь санасида жамиятда улушга эга бўлган Джаббаровлар оиласи Республика фонд биржасидан давлатнинг қолган 25 фоиз улушини ҳам сотиб олади.

Орадан икки ой ўтиб, ўша вақтдаги вилоят ҳокими Оллоберган Оллоберганов асосий акциядор Джаббаровни чақиртиради. Джаббаровнинг сўзларига кўра, вилоят ҳокими жамиятга бундан кейин А.Хакимов раислик қилиши лозимлигини айтиб, бунинг учун керакли бўлган ҳужжатларни расмийлаштиришни топширади.

Бу вақтда А.Хакимовга жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан жиноий иш очилган бўлган. У 2002-2003 йилларда «Урганч машина трактор парки» давлат акциядорлик жамиятида бошқарув раиси лавозимида ишлаган. Кейинроқ 2008 йилнинг 3 октябрдаги суд ҳукмига асосан, жиноят кодексининг «мансабга совуққонлик билан қараш» ва «мансаб сохтакорлиги» бўйича моддалари билан айбли деб топилган. Бироқ унга амнистия қўлланиб, жазодан озод қилинган. Джаббаров уни корхонани бошқаришга нолойиқ деб ҳисоблаган. Шу боис ўртада низо чиқа бошлаган.

Джаббаровнинг айтиб беришича, А.Хакимов ўзининг жамият раислиги даврида акциядорларнинг рухсатисиз 350 миллион сўм кредит олган, акциядорларни бир неча марта ташкилот биноси ҳудудига киритмаган ва сунъий равишда ташкилотни банкротлик ёқасига олиб келган. Шундан сўнг, Джаббаров Оллобергановнинг олдига бориб, ташкилотни бошқа шахсга топшириш кераклиги, йўқса бутунлай банкрот бўлишлари мумкинлигини тушунтиради. Лекин ҳоким бунга кўнмайди. Жамият эса банкротлик ёқасига яқинлашаверади.

2009 йилнинг 24 март куни вилоят ҳокими Оллоберганов «истиқболсиз корхоналарни тугатиш ва реструктуризация қилиш бўйича 2009 йилга мўлжалланган ҳудудий дастурини тасдиқлаш тўғрисида» қарор қабул қилади. Унга кўра, хўжалик судига банкрот деб топиш бўйича 2009 йилнинг 6 апрелигача даъво киритиш, ушбу корхонани тугатиш, давлат реестридан чиқариш ва уни янги инвесторларга ким ошди савдосида сотиш белгиланади.

Ундан аввалроқ, 16 март куни қишлоқ хўжалик техникаларини таъмирлашдаги алоҳида ўрнини эътиборга олиб, мажмуани сақлаб қолиш мақсадида устав фондида давлат улуши бўлмаган жамиятни банкрот деб топиш юзасидан Урганч шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан хўжалик судига ариза киритилиши, тугатиш режасида потенциал инвесторларга сотиш белгилангани айтилиб, ўша вақтдаги Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитасига вилоят ҳокими ўринбосари У.Жумагалдиев номидан хат киритилганди.

2009 йилнинг 4 апрелида Урганч шаҳар давлат солиқ инспекцияси томонидан вилоят хўжалик судига «Хоразммахсустузатиш» очиқ акциядорлик жамиятини банкрот деб топиш тўғрисида ариза берилади. Жами қарзи 284 729 300 сўмни ташкил қилиб, шундан 3 ой муддати ўтган 198 027 400 сўмни ташкил этиши асос қилинади.

Лекин ўша вақтдаги суд раиси ўринбосари А.Ембергенов 10 апрель санасидаёқ ўша вақтдаги солиқ кодексининг 62-моддасини асос қилиб, аризани қайтариш ҳақида ажрим чиқаради. Унда мажбурий ундириш чоралари кўрсатилган бўлиб, биринчи навбатда солиқ қарзини солиқ тўловчининг банкдаги ҳисоб варақларидан ундириш кўрсатилган. Агар пул бўлмаса, унинг дебиторларига (жамият олдида қарздор бўлган шахсларга) қаратиш айтилган. Сўнгги чора сифатида солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратиш кераклиги тушунтирилган. Cолиқ инспекцияси эса кейинги иккита шартни бажармай туриб, жамиятни банкрот деб топишни сўраб шошилган.

Лекин орадан вақт ўтиб, яна ариза берилади ва 2009 йилнинг 26 июнь куни судья Х.Абраев раислигида иш кўриб чиқилиб, банкрот деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинади. Қарорда 15 фоиз давлат улуши мавжуд дейилган, вилоят ҳокими ўринбосари У.Жумагалдиевнинг хатида эса умуман давлат улуши мавжуд эмаслиги айтилганди.

Урганч шаҳар давлат солиқ инпекциясининг 26 июндаги таққослаш далолатномасида жамиятнинг 139 157 919 сўм боқиманда қарзи ва 47 085 364 сўм пенядан қарзи мавжудлиги айтилган. Шунингдек, қарорда «Агробанк»дан 316 960 000 сўм кредит қарзи борлиги ҳам таъкидланган. Жамият маълум вақт ичида 47 миллион сўм қарзини тўлагани, сотиб тўлай олиши учун техникалари етарли эканини билдириб, суддан бир ой муддат сўраган. Лекин суд муддат бермаган. Унинг устига, қарорда жамиятнинг дебиторлик қарзи 555 769 000 сўм экани ҳам кўрсатилган. Аммо кодексда айтилганидек, қарздорликни дебит қарзларга қаратиш масаласи кўрилмаган.

Жамият банкрот деб топилганидан сўнг, аукцион орқали потенциал инвесторларга берилмай, уни банк балансига ўтказиш ҳаракатлари бошланган. 2009 йил 6 июлдаги кредиторлар йиғилишининг 1 баённомасига мувофиқ, жамиятнинг ташкилотлардан қарздорлиги қуйидагича кўринишда бўлган:

Урганч шаҳар давлат солиқ инпекциясидан 29,82 фоиз;

АТ «Агробанк» Урганч шаҳар бўлимидан 44,57 фоиз.

2008 йилнинг 19 ноябрдаги Ф-4010 сонли «Иқтисодий ночор корхоналарни тижорат банкларига сотиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармойишнинг 6-бандига кўра (ҳужжат ўша вақтда фақат рус тилида берилган ва ҳозирда кучини йўқотган), мулк жамият балансига ўтиши учун унинг олдидаги кредит қарздорлиги 70 ва ундан юқори фоизни ташкил қилиши керак.

Бу орада бир неча марта кредиторлар йиғилиши бўлиб ўтади. 2009 йилнинг 18 сентябрига келиб қарздорлик шундай кўринишда эди:

Урганч шаҳар давлат солиқ инпекциясидан 35,32 фоиз;

АТ «Агробанк» Урганч шаҳар бўлимидан 43,56 фоиз.

Лекин АТ «Агробанк» Урганч шаҳар бўлими жамиятнинг давлат солиқ инспекцияси олдидаги қарзини тўғридан-тўғри тўлаб юборган ва кейин 2009 йилнинг 17 ноябрдаги 9-мажлис баённомасида кўрсаткичлар қуйидагича тус олган:

Урганч шаҳар давлат солиқ инпекциясидан 0 фоиз;

АТ «Агробанк» Урганч шаҳар бўлимидан 78,74 фоиз.

Кредиторлар умумий йиғилиши Ф-4010 сонли президент фармойишини асос қилиб хўжалик судига ўз қарорини тақдим қилади. Худди кутиб тургандек, одатда жуда банд бўладиган суд ҳам (Х.Абраев раислигида) 18 ноябрь куниёқ балансга ўтказиш бўйича ажрим чиқаради. Ажабланарлиси, суд ажримида мажлисда қатнашган деб кўрсатилган Хоразм вилоят Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳудудий бошқармаси вакили Х.Рузаков аслида унда қатнашмаган ва ҳеч қандай фикр билдирмаган. 19 ноябрь куни шахсан ўз қўли билан ёзган билдиришномаси буни тасдиқлайди.

2009 йилнинг 17 декабрида банкротлик бўйича тугатиш бошқарувчисининг якуний ҳисоботини тасдиқлаш тўғрисида судья Х.Абраев ажрим чиқаради. Ажримда давлат реестрига «Хоразммахсустузатиш» очиқ акциядорлик жамияти тугатилгани тўғрисида 3 кун ичида ёзув киритилиши ва давлат реестридан чиқариш учун ажрим нусхаси Урганч шаҳар ҳокимлигига юборилиши айтилади. Яна худди барчаси олдиндан режалаштирилганидек бир кун ўтар-ўтмас жамият ҳокимлик инспекцияси қарори билан (ўша вақтда инспекция бошлиғи О.Абдуллаев бўлган) давлат реестридан чиқарилади. 2010 йилнинг 17 май санасида судья А.Ибрагимов кассация шикоятини қабул қилишни рад этади.

2019 йилнинг 1 февралида Олий суд судьяси Б.Убайдуллаев иқтисодий процессуал кодекснинг тегишли моддаларини асос қилиб, иш мазмунан тўғри кўрилган деб назорат шикоятини судлов ҳайъатига ўтказишни рад этади. Ажрим устидан Олий суд раиси ва унинг ўринбосарига назорат тартибида шикоят қилиш мумкинлиги тушунтирилади.

Шундан сўнг, 2009 йилнинг ноябригача Монополиядан чиқариш, рақобат ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси ҳудудий бошқарма бошлиғи ўринбосари, банкротлик бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Озод Абидов билан суҳбатлашдик. У «Хоразммахсустузатиш» жамиятининг банкротлик жараёнларини назоратини олиб борган шахс ҳисобланади.

«Корхона «Пахтабанк»дан (ҳозирги «Агробанк») 2008 йил 22 февралда 1 йил муддатга 350 миллион сўм кредит олган. Лекин 1 йил давомида корхона 347 йиллион сўм кредитни қайтармаган. Кейинроқ корхона томонидан 550 миллион сўмлик маҳсулот сотилган. Уларнинг ҳам солиғи тўланмаган. Бир йил ичида корхонада жами 600 миллион сўмга яқин қарздорлик пайдо бўлган.

Банкротлик жараёни бошланишида корхона белгиланган тартибда инвентаризациядан ўтказилган. Мол-мулки қайта баҳоланиб, очиқ аукционга қўйилган. Лекин тезда аукциондан олиниб 500 миллион сўмлик қарзлари эвазига қиймати камида бир неча миллиард сўмлик бўлган корхона банк балансига ўтказиб юборилган.

Бунга Ф-4010 сонли президент фармойиши асос қилинган. Лекин бу ерда банкротлик жараёнида қўлланиши керак бўлмаган қонун ҳужжати қўлланган. Чунки, банкротлик жараёнида асос сифатида биринчи навбатда банкротлик тўғрисидаги қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 188-сонли қарори қамраб олиниши зарур. Ундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 368-сонли қарорига ҳам амал қилинмай, давлат улуши бўлмаган корхона нол қийматда банк балансига олинган», - деди Озод Абидов.

Юқоридагилардан сўнг, изоҳ олиш мақсадида «Агробанк» матбуот хизматига ҳам  боғландик. Айтишларича, суд ажрими билан «Хоразммахсустузатиш» ОАЖ банкрот деб топилган ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил 18 ноябрдаги «Иқтисодиёт реал сектори корхоналарининг молиявий барқарорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-4053 сонли Фармони ва 2008 йил 19 ноябрдаги «Иқтисодий ночор корхоналарни тижорат банкларига сотиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида»ги 4010-сонли Фармойишига асосан мулкий мажмуа сифатида «Агробанк» балансига берилган.

Юқоридаги фармон ижросини таъминлаш мақсадида иқтисодий ночор банкрот «Хоразммахсустузатиш» ОАЖ негизида банкнинг 100 фоиз улуши билан «Агро-махсус-тузатиш-созлаш» МЧЖ ташкил қилинган ва корхонанинг ишлаб чиқариш фаолияти қайта тикланган.

Фаолияти қайта тикланган «Агро-махсус-тузатиш-созлаш» МЧЖдаги банкнинг улуши «Xorazm Expert baholash» МЧЖ баҳолаш компанияси томонидан баҳоланган ва қонунчиликда белгиланган тартибда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли «Хоразм темир йўл қурилиш» унитар корхонасига 2013 йил 25 июндаги 1-сонли шартномага асосан сотилган.

Бугунги кунда «Хоразм темир йўл қурилиш» унитар корхонаси «Агробанк» олдидаги мажбуриятларини тўлиқ бажарган. Шу билан бирга, «Агробанк» «Хоразммахсустузатиш» ОАЖнинг банкрот бўлиши сабаблари тўғрисида маълумотга эга эмас.

«Чет эл инвесторлари ва тадбиркорларни ҳимоя қилиш бўйича шунча қонунларингиз бор. Лекин қонунларингиз амалда ишламаяпти», - деди Джаббаров.

Маълумотларга кўра, ҳозирда иш Бухоро вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими томонидан ўрганилмоқда. Терговчи А.Абдуллаевнинг жавоб хатига кўра, корхонани сотишда бир нечта норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва тартибларга амал қилинмаган. Суд қарорига кўра, 3 миллиард сўмдан ортиқ нархга баҳоланган корхона мол-мулклари 470 миллион сўм қарзи эвазига «Агробанк» Хоразм вилоят филиали балансига ўтказиб берилган. Тугатиш бошқарувчиси Я.Рўзметовга ҳам бир нечта моддалар доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жамиятнинг асосий акциядори Джаббаровлар оиласи адолат тикланишини сўраб мурожаат қилмаган ташкилот қолмаган. Нега давлат улуши бўлмаган корхона фаолиятига баъзи мансабдор шахслар аралашаверган? Нега айрим судлар банкротлик жараёнларида қонунлар, солиқ кодекси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга амал қилмаган? Нега одамларни иш билан таъминлаб жамиятга фойда келтираётган тадбиркорлар бундай ҳолатлардан зарар кўриши керак?

Эндиликда унинг муаммоси бартараф этиладими? Айбдорлар ўз жазосини оладими? Жабрланувчининг мулки қайтиб бериладими ёки ўрнига зарари қопланадими? Бу саволларга бир неча йилдан бери жавоб излаб келмоқда.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатишда давом этади.

Зафарбек Солижонов журналист,
Мирраҳимов Мирвоҳид тасвирчи

Мавзуга оид