Жаҳон | 19:10 / 27.09.2019
15504
2 дақиқада ўқилади

Руҳоний БМТ бош қароргоҳининг АҚШдан бошқа давлатга кўчирилиши ғоясини қўллаб-қувватлади 

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний БМТ бош қароргоҳининг Нью-Йоркдан бошқа хавфсизроқ давлатга кўчирилиши ғоясини қўллаб-қувватлади. 

“Бу муҳим қарордир. Агар биздан сўралса, БМТ бош қароргоҳининг хавфсизроқ ва яхши давлатга кўчирилиши учун овоз берамиз”, деб айтган Руҳоний Нью-Йоркдаги матбуот анжуманда.  

Руҳоний БМТ “тинчлик, мулоқот уйи” эканини, АҚШ Нью-Йоркка БМТ аъзоларининг келишига тўсқинлик қилишга ҳаққи йўқлигини таъкидлаб ўтган. 

“АҚШ қабул қилувчи давлат сифатида ўз устунлигидан фойдаланмаслиги ва визаларни уларга ёқадиганларгагина бермаслиги керак”, деб қўшимча қилган Эрон президенти. 

БМТ Бош ассамблеяси бошланиши олдидан АҚШнинг Эрон делегациясига визалар бермагани билан можаро юз берганди. Бироқ кейинроқ Эрон делегациясига виза берилган.

Аввалроқ Россия Федерация кенгашининг халқаро масалалар бўйича қўмитаси раҳбари Константин Косачев АҚШ Россиянинг БМТ Бош ассамблеясига бориши режалаштирилган делегацияси аъзолари – Косачевнинг ўзи, унинг давлат думаси бўйича ҳамкасби Леонид Слуцкийга ва Россия ташқи ишлар вазирлигининг бир неча ходимларига виза бермаганини маълум қилган.

АҚШнинг Россиядаги элчихонасида ушбу воқеани “хусусий ҳолат” деб атаб, изоҳ беришдан бош тортилган. 

Россия ташқи ишлар вазирлиги вакили Мария Захарованинг таъкидлашича, АҚШ муаммонинг техник характердалиги, виза олишга ҳужжатлар ўз вақтида топширилмаганига ишора қилган. Бироқ Захарованинг айтишича, ҳужжатлар америкалик дипломатлар кўрсатган муддатларда топширилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид