Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“2030 йилга бориб сув танқислиги 15 млрд куб метрга етади” – сув вазири Ню Йоркда
Ню Йоркдаги БМТ бош қароргоҳида 7 июлдан юқори даражадаги сиёсий форум ўз ишини бошлади. 6 кунлик халқаро тадбирнинг биринчи кунида энергетика ва сув масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар қаторида Ўзбекистондан ҳам делегация бор, Президент администрацияси вакиллари раҳбарлик қилмоқда. Kun.uz билан гаплашган сув хўжалиги вазирига кўра, БМТ Ўзбекистонни сув стрессини камайтирган етакчи давлатлардан бири деб топди.
Вазир Шавкат Ҳамроев Ўзбекистон делегацияси таркибида, бундан ташқари 7 июл кунги сессияда Президент администрацияси раҳбарининг ўринбосари Тимур Бутунбаев ҳам нутқ сўзлади. Расмийлар асосан давлатнинг сув сиёсати, бюджетдан бу йўналишга ажратилаётган маблағлар, бугунги устувор йўналишларга тўхталди. Делегация АҚШ давлат ҳамда хусусий ташкилотлари билан ҳам музокаралар ўтказмоқда.
Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев Ню Йоркда Kun.uz журналисти билан гаплашаркан, 2030 йилга бориб мамлакатда сув танқислиги 15 млрд куб метрга чиқишини маълум қилди.
“Сув етишмовчилиги катта муаммо, яхшиям бу йили ёғингарчилик анча яхши бўлди. Биз мустақиллик йилларида олган сувимиздан 10-12 млрд куб метр кам чиқаряпмиз. 2030 йилга бориб етишмовчилик 15 млрд куб метр бўлади, шунинг учун ҳозирдан сувни иқтисод қила борамиз, томчилаб суғорувчи технологияларни кенгроқ жорий қиламиз ва шу миқдордаги сувни орттиришимиз керак”, дейди вазир.
Маълум бўлишича, давлат бюджетидан бу йили айнан сув хўжалиги учун 4-4,2 фоизгача маблағ ажратилиши белгиланган.
Сув стресси бўйича эса БМТ Ўзбекистонни илғор ишловчи давлатлар қаторига киритди. Хўш, бу нима дегани?
“Иқлим ўзгариши сабабли ва ёғингарчилик кам бўлиши, дарёларда сув камайиши оқибатида биз 169 фоиз босимга эга эдик ва охирги 2017 йилдан 2022 йилгача 47 фоизга камайиб, 122 фоизга пасайтиришга эришдик. Жорий йил якуни билан биз 117 фоизга, яъни яна 5 фоизга камайтиришга эришамиз. Яна 2030 йилгача биз бу стрессни 95 фоизга камайтирамиз. Сув камайиб боряпти. Биз жами олаётган сув миқдоримиз, ёғингарчилик миқдорлари камаяётган бўлса ҳам, халқ шуни камроқ сезяпти. 11 миллиард куб метр бир йилда сув тежашга эришяпмиз”, дейди вазир Kun.uz’нинг саволига жавобан.
Эслатиб ўтамиз, Ню Йоркда сиёсий форум доирасида БМТ бош котиби Антониу Гутерриш билан ҳам ялпи сессия режаланган.