Жиззах вилояти, Ғаллаорол туманининг «Оқтом» маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Жарғоқ ва Бойларовул қишлоқлари аҳолисини бир йўл иккита жиддий масала ташвишга солмоқда. Қишлоқ аҳолиси томонидан таҳририятга йўлланган мурожаатда айнан шулар ҳақида сўз юритилади.

Гап шундаки, қишлоқ ўртасидан ўтган Сангзор дарёси устида ёлғизоёқ кўприк мавжуд. 1969 йилда бунёд этилган 226 метр узунликка эга мазкур кўприк Жарғоқ, Бойларовул ва Олмасувон қишлоқлари аҳолиси учун ягона ўтиш йўли ҳисобланади. Бундан ташқари, ушбу кўприкдан ҳар куни қишлоқнинг 300 нафардан зиёд мактаб ёшидаги болалари тумандаги 29-мактабга бориб қайтишади.

Кўприкнинг юза қисми ёғоч қопламали бўлиб, узоқ йиллар давомида жиддий таъмирланмагани, фақатгина аҳолининг ўз кучи билан жорий таъмирланиб келингани сабаб бугунги кунга келиб анчагина хавфли ҳолатга келиб қолган. Ҳозирга қадар кўприкдан йиқилиб, жиддий жароҳат олганлар ҳам бор.

Ўлганнинг устига тепган деганларидек, бу ҳали ҳаммаси эмас экан. Уст қисмидаги нуқсонлари камлик қилгандек, айрим қўштирноқ ичидаги тадбиркорларнинг «шарофати» билан Сангзор атрофидаги қишлоқларда экологик вазият издан чиқиш арафасида турибди.    

Гўёки, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитасининг «рухсатини олган» хўжалик юритувчи субъектлар дарё ўзанида тош тегирмонлари (драбилка)ни барпо этиб, қум-шағалларни аёвсиз кавлаб олишлари дарёда сув сатҳи сезиларли даражада пасайиб кетишига сабаб бўлмоқда. Бунинг оқибатида қишлоқ аҳолиси фойдаланиб келаётган қудуқлар ҳамда томорқаларни суғориш учун мўлжалланган ариқлар қуриб қолмоқда.

Сангзор дарёсидан тош ва қумлар тинимсиз кавлаб олиниши яна бир жиддий хавфни келтириб чиқармоқда: ўша 226 метрлик кўприкнинг ост (асос) қисмига шикаст етмоқда. Унинг пойдеворлари очилиб, авария ҳолатига келиб қолган. Баҳор ойларидаги ёғингарчилик натижасида келадиган кучли сел ва тошқинлар кўприкнинг асос қисмидаги шағал-қумларни «драбилкачилар» кавлаб ташлаган чуқурлар томон ювиб кетмоқда.