Ўзбекистон | 17:03 / 16.02.2023
26185
2 дақиқада ўқилади

Ғаллаоролда “участкавой” тунги хизмат вақтида бегона аёл билан қўлга тушди

Вилоят ИИБга кўра, ҳолат юзасидан хизмат текшируви тайинланган.

Фото: Видеодан скриншот

Қайд этилишича, воқеа 15 февраль куни содир бўлган. Интернетда тарқалган видеода ички ишлар ходими кийимида бўлган ва маҳалла профилактика инспектори экани айтилган шахс хизмат вақтида бегона эркакнинг рафиқаси билан қўлга тушгани тасвирланган.

Мазкур маҳаллада яшовчилар ҳолатни видеога олиб, “участкавой” ва аёлни “самосуд” қилишга уринган. Видеода профилактика инспектори оломон саволларидан қочиб машинасига ўтирганча воқеа жойидан кетиб қолгани кўринади.

Жиззах вилояти ИИБ видеодаги шахс чиндан ҳам ички ишлар ходими эканини тасдиқлаган.

“Ушбу тасвирларда 2023 йил 15 февралида тунги хизматга жалб этилган Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани ИИБ 2-сонли ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи профилактика катта инспектори Ж.Х. акс этган.

Ҳолат юзасидан хизмат текшируви тайинланган. Воқеа иштирокчиларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади”, дейилади расмий хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 30 ноябрь куни Тошкентнинг Олмазор туманида хизмат вазифасини бажараётган ИИБ ходими соат 00:50 ларда ўлдириб кетилганди. Профилактика инспектори ярим тунда оилавий можаро юзасидан чақирув жойига етиб борганида, аёлнинг эри уни 2 марта пичоқ уриб ўлдиргани таъкидланганди.

Бироқ ижтимоий тармоқларда қотилликка рашк сабаб бўлгани, профилактика инспектори бошқа эркакнинг рафиқаси билан муносабатлари ортидан ҳалок бўлгани ҳақида гап-сўзлар тарқалганди. Бироқ ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов буни рад этганди.

 

Мавзуга оид