Жаҳон | 20:11 / 02.10.2019
15056
2 дақиқада ўқилади

Вьетнам аҳолисига яқин кунлар ичида кўчага чиқмаслик тавсия қилинди

Вьетнам ҳукумати аҳолига ҳавода майда чанг миқдори юқори бўлиши сабабли яқин кунлар ичида кўчага чиқмасликни тавсия қилди. Аҳолига, айниқса, ёш болалар, кекса кишилар, ҳомиладор аёллар ва нафас йўли касалликларига эга одамларга уйларини заруриятсиз тарк этмаслик тавсия қилинган.

Мамлакатнинг иккита йирик шаҳри – Ханой ва Хошиминда PM2.5  зарралари миқдори ҳавода августдан бери мунтазам ошиб бормоқда ва барча мумкин бўлган меъёрлардан ўтиб кетган.

РМ2.5 ҳаво ифлослантирувчиси ҳисобланиб, унинг таркибига ҳам қаттиқ микрозарралар, ҳам майда томчилар киради. Уларнинг ҳар иккиси 10 нмдан 2,5 мкмгача ўлчамда бўлади. Вьетнамда бу зарралар ушбу ҳудудда тугамаётган ёнғинлар қуруми бўлаклари ҳисобланади.

Ҳаво сифатини назорат қилувчи мустақил мониторинг ташкилоти Air Visual маълумотларига кўра, 1 октябрда Хошиминда зарарли зарралар миқдори куб метрга 80 микрограммни, Ханойда эса 180 микрограммни ташкил қилган. Бу кўрсаткич бўйича Ханой ҳавоси ифлосланган дунёдаги энг ёмон шаҳар бўлди. Бироқ бу “етакчилик” 1 октябрь кечаси Дубайга ўтди.  

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, PM2.5 зарраларининг инсон соғлиғи учун мумкин бўлган ҳаводаги миқдори куб метрга 10 микрограммдан ошмаслиги керак.

Вьетнам атроф-муҳит бошқармаси ҳавонинг бундай юқори даражада ифлосланишини фермерлик майдонларида ўтнинг ёндирилиши ҳамда минтақада юз берган кучли ёнғинлар билан тушунтирган. Охирги бир неча ҳафта давомида бутун Жануби-Шарқий Осиё Индонезиядаги ўрмон ёнғинлари сабабли ҳаво ифлосланишидан азият чекди.

Мавзуга оид