Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 3 сентябрь куни Қирғизистоннинг Чўлпон-ота шаҳрида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг олтинчи саммити фахрий меҳмон сифатида иштирок этди.
Давлатимиз раҳбари саммитда сўзлаган нутқида “халқларимизни ўхшаш тил, муштарак маънавий қадриятлар ва ҳамкорлик ришталари бир-бирига боғлаб келаётгани, бугунги кунда Кенгашнинг сиёсий кун тартибида ҳеч бир муаммо ёки келишмовчилик мавжуд эмас”лигини қайд этди. “Мамлакатларимиз долзарб халқаро ва минтақавий масалаларда ўзаро мос ёки яқин қараш ва ёндашувларга амал қилиб келмоқда. Айни вақтда халқларимизнинг ҳаётий манфаатларига тўла жавоб берадиган иқтисодиёт, инвестиция, инновация, транспорт ва коммуникация, туризм, илм-фан ва таълим каби соҳаларда ўзаро ҳамкорлик фаол ривожланмоқда”, деди Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон Президенти саммитда мамлакатимизнинг “Туркий кенгашга аъзо давлатлар билан ўзаро савдо ҳажми охирги бир йилда 40 фоиздан зиёд ошгани”ни эътироф этиб, “бу кўрсаткичлардан анча юқори марраларга эришиш мумкин”лигини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасидаги алоқаларни ривожлантиришга доир муҳим йўналишларга тўхталиб ўтди ва Ўзбекистон ушбу халқаро тузилма доирасида ўзаро самарали ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини, унинг “келажагига катта умид ва ишонч билан қарашини” айтиб ўтди.
Ўзбекистон ушбу йўналишда яна бир муҳим ва тарихий қадам ташлади. Жорий йил сентябрь ойида мамлакатимизнинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига тўлақонли аъзо бўлиб киришига қаратилган ҳуқуқий-дипломатик жараён бошлаб юборилди. Бунинг учун мазкур халқаро ташкилотни тузишда бундан ўн йил олдин ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилган Нахичеван халқаро шартномасига қўшилишимиз лозим эди. Ушбу битимнинг қоидаларига биноан, унга қўшилмоқчи бўлган мамлакат тегишли равишда унга аъзо давлатларга мурожаат қилади ва розилик олингандан кейин ратификация билан боғлиқ ички процедураларни амалга ошириб, махсус расмий маълумотни мазкур шартноманинг депозитарийсига топширади. Депозитарийда мурожаат ижобий қабул қилинганидан сўнг шартнома 30 кундан кейин кучга киради. Ўзбекистон бундай мураккаб сиёсий-ҳуқуқий жараённи жуда қисқа муддатда тамомлади. Бунда мамлакатимизнинг салоҳияти, давлатимиз раҳбарининг обрў-эътибори, қатъий сиёсий иродаси, томонларнинг ўзаро дўстона муносабатлари, муштарак манфаатлари уйғунлиги ҳамда фаол дипломатик чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этди.
Натижада, ҳаттоки, халқаро муносабатлар тарихида янги бир “рекорд” - прецедент шакллантирилди, десак муболаға бўлмайди. Бир давлатнинг халқаро ташкилотга кириши учун ушбу тузилмага аъзо давлатларнинг барчасидан саноқли соатларда расмий розилик олиниб, асосий шартномага қўшилиш жараёни бошланди. Ўзбекистон ҳам жараённинг ўзига тегишли қисмини қисқа муддатларда ниҳоясига етказди: Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 14 сентябрь куни “Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битимини ратификация қилиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини имзолади. Ўша куниёқ мазкур Битим депозитарийси билан тегишли музокара ва расмий ёзишмалар амалга оширилиб, шартноманинг Ўзбекистон учун 30 кун ичида кучга кириши таъминланди. Натижада, мамлакатимиз жорий йилнинг 15 октябр куни Озарбайжонда бўлиб ўтадиган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашида тўлақонли аъзо давлат сифатида иштирок этади.







