– Ўзбекистон қонун чиқариш амалиётида, қонунларни тайёрлашда нималар қилиш керак? Бу борада тажрибангиз бор, яқинда парламентга сайловлар бўлади. Янги парламентга қандай тавсиялар ёки орзу-истакларингизни билдирган бўлар эдингиз?
– Классик равишдаги парламентнинг 3та вазифаси бор. Булар:
• Қонунчилик, яъни қонун ишлаб чиқиш;
• Бюджет(ни тақсимлаш ва назорат қилиш);
• Назорат, яъни амалга оширилаётган қонунлар ижросини назорат қилиш вазифаси.
Агар, бу соҳаларда парламент аъзолари ҳеч нарсани тушунмаса, биз ундай инсонни парламент аъзоси сифатида сайлашимиз керак эмас.
1990-1994 йилларда Ўзбекистон Ⅻ чақириқ Олий кенгаши депутати бўлган Аъзамхўжаев депутатликка номзодлар сайловчиларга турли хил ваъдалар бериш, ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш билан эмас, балки айни муаммоларни ҳал эта оладиган қонунларни ишлаб чиқиши ва ижросининг назорати билан шуғулланиши даркорлиги, бунинг учун парламентда профессионал мутахассислар кўп бўлиши талаб этилиши ҳақида гапирди.
– Илгари, собиқ иттифоқ даврида, парламентлар умуман ишламаган, парламентга аъзо бўлган номзод (депутат) кўчама-кўча, уйма-уй юриб, ёндафтарчасига ёзиб юрарди – «бу кўчага ариқ ўтказиш керак», «бу кўчага телефон қутиси ўрнатиш керак», «у кўчага сим тортиш керак».
Йўқ, депутатнинг иши эмас бу. Депутатнинг иши – у ёки бу қонун қабул қилиниши жараёнида сайловчиларнинг манфаатини ҳимоя қилиш. Яъни, депутат Олмазор тумани, Қорақамиш сайлов округидан сайланган бўлса, сайловчилар билан учрашув чоғида олган таклифларини амалга ошириб, шу ишлар кескин ва уйғунликда ҳал бўлиши учун қонунни чиройли қилиб яратиб бериши шарт.

Депутатнинг асосий иши замин яратиб бериш. Тадбиркорлар, ишбилармонларга шунақа замин яратиб бергинки, улар ҳеч нарсага муҳтож бўлмасин. Мана депутат нима билан шуғулланиши лозим. Шунинг учун, бизда парламент сафида, фикримча, тажрибали юристлар, тажрибали иқтисодчилар кўпроқ бўлиши керак. Ҳақиқатан ҳам профессионал парламентарийлар бўлиши керак. Парламентга ҳозирги долзарб мавзуларни тушунадиган, унинг ечимини топа оладиган инсонлар ўзининг номзодини қўйса, албатта, бу мақсадга мувофиқ бўларди.






